Америкалик журналист ва космик соҳа шарҳловчиси Эрик Бергер янги мақоласида SpaceX билан АҚШ ҳукумати ўртасидаги муносабатлар жиддий ўзгараётганини ёзди. Унинг кузатишича, бир вақтлар давлат шартномалари учун фаол курашган компания энди уларнинг аксариятига аввалгидек эҳтиёж сезмаяпти.
Сўнгги 15 йил давомида SpaceX бошқа пудратчилар муддатларни бузган, белгиланган бюджетдан ошиб кетган ёки вазифани бажара олмаган пайтларда АҚШ ҳукуматининг космосга чиқишини таъминлаб келди. Компания бу борада рақобатчиларидан анча кўп ҳолатларда ишончли ечим таклиф қилди.
Бироқ энди муносабатлардаги мувозанат тескари томонга оғмоқда. Бергернинг ёзишича, SpaceX давлат буюртмаларига борган сари камроқ қизиқяпти. Ҳарбий алоқа ва кузатувга хизмат қилувчи Starshield каби маълумот узатиш тизимлари бундан мустасно бўлиши мумкин.
Ҳамкорликнинг камида айрим йўналишларда қисқариб бораётганини кўрсатувчи белгилар кўпаймоқда.
Жумладан, SpaceX NASAга Crew Dragon кемаларининг экипажли парвозларини 2030 йилдан кечиктирмай тўхтатишини маълум қилган. Ҳолбуки, ҳозир айнан шу кема NASA астронавтларини Халқаро космик станцияга мунтазам ва ишончли етказиб бераётган асосий восита бўлиб турибди.
Шунингдек, SpaceX 2028 йилдан кейинга режалаштирилган миссиялар учун Falcon 9 ракетасида тижорий учириш хизматларини сотишни тўхтатган. Компания келгусида NASA буюртмалари бўйича ҳам ушбу ракетадан фойдаланишдан воз кечиши мумкин.
Октябрь охирида NASA'нинг хавфсизлик бўйича маслаҳат гуруҳи йиғилишида Кент Ромингер шу эҳтимолга ишора қилган. Унинг айтишича, Халқаро космик станцияни орбитадан чиқариш учун Dragon асосида яратилаётган Америка аппарати 2030 йилдан кейин учириладиган бўлса, уни космосга олиб чиқиш учун бошқа турдаги ракета талаб этилиши мумкин.
Ўтган ҳафта SpaceX АҚШ Космик кучларига 2020-йиллар охирида амалга оширилиши режалаштирилган учта янги учириш бўйича танловда қатнашмаслигини билдирган. Гап компаниянинг Америка ҳарбийлари олдидаги амалдаги мажбуриятларидан ташқари қўшимча шартномалар ҳақида кетмоқда.
Яна бир ўзгариш Ойга юк етказиш лойиҳаларига дахлдор. SpaceX аввал NASA'нинг Commercial Lunar Payload Services дастури доирасида бўлажак Ой базаси учун кичик қўниш аппаратлари яратаётган Америка компанияларига учириш харажатларининг дастлабки ҳисоб-китобларини тақдим этиб келган. Бундай тахминий баҳолар ROM — Rough Order of Magnitude деб аталади.












