Жорий йилнинг 1-22 июнь кунлари Тошкент, Наманган, Нукус ва Хивадаги Президент мактабларида ҳужжатларни қабул жараёни бўлиб ўтади. Мазкур маълумот Халқ таълими вазирлиги томонидан 2019 йил 27 майда эълон қилинди.

Президент мактаблари давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 20 февралдаги «Президент мактабларини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига асосан ташкил этилиб, мамлакатда иқтидорли ёшларни ўқитиш тизимини яратиш ҳамда келгусида уларда раҳбарлик ва етакчилик кўникмаларини шакллантиришга қаратилган.

Биринчи Президент мактаблари 2019-2020 ўқув йилида Тошкент, Наманган, Нукус ва Хивада ишга туширилади. Дастлаб, Президент мактабларини чекланган миқдорда ташкил этилиши мазкур муассасаларни бошқаришнинг бутунлай янги моделини синовдан ўтказиш билан боғлиқдир. Ушбу синов муваффақиятли ўтгандан сўнг, керакли хулосаларни олиб 2020-2021 йилларда Президент мактаблари республиканинг бошқа барча вилоятларида ташкил этилади. Шу билан бирга, мактабларни бошқаришда Кембриж дастурининг ижобий тажрибаси ва уни амалга ошириш имкониятларини ўрганадиган маҳаллий экспертлар гуруҳи тузилади. Президент мактаблари юртимизда таълим сифатини оширувчи локомотив шакллантирилади.

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов бу ҳақда шундай дейди:

Фото: Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати

- Халқ таълими вазирлиги Президент мактабига номзодларни саралашда барчага тенг шароит яратиш учун ҳаракат қилмоқда. Кембриж Университетининг Cambridge Assessment International Education бренди остида фаолият юритувчи Имтиҳон Кенгаши Президент мактаблари учун танлов жараёнини назорат қилади. Мазкур ташкилот бутун дунёда ўтказадиган имтиҳонлари жараёнида адолат ва шаффофликни таъминлайди. Албатта, барча ота-оналар фарзандларини Президент мактабларида билим олишини хоҳлашади. Лекин энг истеъдодли ўқувчиларгина бундай имкониятга эга бўлишади. Cambridge Assessment International Education мутахассислари боланинг ота-онаси ёки уларнинг моддий имконияти ҳақида маълумотларга эга бўлмайди. Инглиз компанияси учун ўғил-қизлар истеъдоди, танқидий ва мантиқий фикрлаш даражаси баҳолашнинг асосий мезон ҳисобланади.

Номзодларга қўйилган талаблар:

Президент мактабларига ҳужжатлар 2019 йилнинг 1 июнидан 22 июнигача топширилади.  Жорий йилда Наманган, Нукус, Хива ва Тошкентдаги Президент мактабларига ўқувчилар 5-10-синфларига, келгуси йиллардан бошлаб эса 5-синфга қабул қилинади.