«Дунё» ахборот агентлиги хабарига кўра, Ўзбекистоннинг Шанҳайдаги консулхонаси дипломатлари Чжэцзян провинциясига сафари давомида институт проректори Ливей Фен билан учрашган.
Музокараларда академик алмашинув, ўзбекистонлик талабалар учун узоқ муддатли таълим дастурлари ҳамда талаба ва ўқитувчилар учун қисқа муддатли курслар ташкил этиш масалалари кўриб чиқилган.
Таълимни муҳандислик, ҳамширалик иши, транспорт, тўқимачилик саноати, электромобилларни таъмирлаш, янги энергетика ва сунъий интеллект йўналишларида йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.
Томонлар амалий тайёргарликка ҳам алоҳида эътибор қаратган. Ўзбекистонлик талабаларнинг Цзясин шаҳридаги етакчи ишлаб чиқариш корхоналари, тиббиёт муассасалари, метрополитен ва темир йўл вокзалларида касбий тажриба орттириши кўзда тутилган.
Хитой томони Ўзбекистон техникумлари билан ҳамкорлик механизмларини муҳокама қилиш ва келишувлар имзолаш учун 2026 йил ноябрда Ливей Фен бошчилигидаги делегацияни Ўзбекистонга юборишга тайёрлигини билдирган.
Цзясин Нанян политехника институти 2002 йилда Шанҳай Цзяо Тун университети кўмагида ташкил этилган хусусий профессионал олий таълим муассасасидир. Унда қарийб 12 минг талаба таҳсил олади. Институтнинг еттита ихтисослаштирилган мактабида 30 дан ортиқ мутахассислик бўйича таълим берилади.

















