Бугунги кунда Гризманн - жаҳоннинг энг яхши ҳужумчиларидан биридир. У кўп гол уради, тўпсиз ҳолатда ҳам жамоа учун ўйнайди, деярли жароҳат олмайди, жаҳон чемпиони - унинг чиройли табассуми нуфузли журналларни безайди. Ниҳояти у ҳали 28 ёшда ва ҳали юқори формада ўйнашда давом этади.

Бу ҳужумчини кўп вақтдан буён «Барселона» жиддий кузатмоқда. Бир неча йилдан буён испан нашрлари трансфер амалга ошиши ҳақида ёзиб келишади. 2017 йил ёзидаёқ франциялик футболчи «Атлетико»дан «Барса»га ўтаётгани ҳақида шов-шувли хабарлар берилганди. Бу хабарлар «Гризманн иши»га айланиб кетган, Мадрид клуби каталонияликларни клубни айланиб ўтиб, футболчининг ўзи билан музокара ўтказишда айблаган ва «Барселона»га санкциялар қўллашни талаб этганди.

2018 йил ёзида эса Жерар Пикега тегишли Kosmos Studios фирмаси Гризманн учун ҳужжатли фильм ишлади. «Қарор» номли картинанинг биринчи қисмида Антуан «Барселона»нинг таклифини кўриб чиқаётгани ҳақида айтилади.

Аммо фильм якунида ҳужумчи каталонияликлар таклифини рад қилиши билан якунланади. Ўшанда футболчи трансферлар тақиқига учраган Мадрид клубига ёрдам беришга қарор қилганди. «Барселона» эса унинг қароридан қаттиқ хафа бўлди. Испан нашрлари маълумотига кўра, «Атлетико» уни таркибда сақлаб қолиш учун йилига 20 миллион евролик шартнома таклиф қилганди - бу «Атлетико»даги энг катта маош эди. «Барселона»нинг таклифи эса 17 миллион евролик бўлганди.

Ўшанда Гризманн шундай ҳолатда қолгандики, ундан «Атлетико»дагилар ҳам, «Барселона»дагилар ҳам норози бўлиб қолишганди. Каталонияликлар унинг фильмдаги беқарорлиги ва рад жавоби учун айблашди, «Атлетико» мухлислари эса футболчини маошини кўтариб олиш учун рол ўйнашда ва мавсумнинг биринчи қисмини барбод қилишда айблашди. Ўшанда Гризманн мавсум стартидаги 14 турда атиги 3 гол урди - у барча ўйинларда бошланғич таркибда ҳаракат қилганди (шу билан бирга у барча турнирлар доирасидаги барча 21 ўйинда 15 гол урганди).

2019 йилнинг 14 майида «Атлетико» расмий сайтида муҳим янгилик пайдо бўлди. Унда Гризманн клуб раҳбариятини «Атлетико»даги 5 йиллик фаолиятдан кейин клубни тарк этиши ва янги мавсумда бошқа клубда тўп суриши ҳақида хабардор қилгани айтилганди. Кўринишидан Гризманнинг келажаги масаласи аниқдек эди. Аммо барчаси бир текисда ривожланмади. Мавсум якунланди, аммо «Барселона» унинг трансфери ҳақида маълумот бермади. Лекин турли миш-мишлар тарқалмоқда. Масалан, Хавидан. У ўз изоҳида франциялик футболчи трансфери борасидаги «муаммо» ҳақида гапирди.

«У ўтган йилда қилган иш одамни хафа қилади. «Барса» футболчилари уни ўтган йилги иши туфайли кўришни истамаяпти, мен эса бунинг ўрнига у билан гаплашиб, ундан жамоа учун нима бера олишини сўраган бўлардим. Унинг трансферини ким истамоқда? Президентми? Мураббийми? Агар мен «Барселона»ни шуғуллантирганимда мен трансфер бўйича охирги сўзни ўзимда қолдирган бўлардим. Агар Вальверде ҳам уни клубда кўришни истамаётган бўлса бошқа гап»