Марказий банк томонидан тижорат банкларининг омонат маҳсулотлари бўйича шартномалари ўрганилганда, айрим банклар амалиётида омонатчининг ўз маблағларини қайтариб олиш ҳуқуқини чеклаши мумкин бўлган шартлар мавжудлиги аниқланди.

Қайд этилишича, айрим омонат шартномаларида банкнинг ўз ихтиёрига боғлиқ бўлмаган оммавий тартибсизликлар, митинглар, кўча ҳаракатлари (кўчалардаги оммавий намойиш ва ҳаракатлар), босқинчилик ҳолатлари ва тўловга қобилиятсизлик даврида омонат маблағини муддатидан олдин қайтариш бўйича банк жавобгар ҳисобланмаслиги назарда тутилган.

Амалдаги қонунчиликка кўра эса, омонат туридан қатъи назар, банк омонатчининг талаби билан омонат суммасини ёки унинг бир қисмини қайтариши шарт. Шунингдек, истеъмолчи ҳуқуқларини чеклайдиган ҳамда қонунчиликка зид шартлар ҳақиқий ҳисобланмайди.

Шундан келиб чиқиб, Марказий банк тижорат банкларига амалдаги омонат шартномаларини тўлиқ инвентаризациядан ўтказиш, улардаги истеъмолчи ҳуқуқларини чекловчи ва қонунчиликка зид шартларни аниқлаш ҳамда бундай ҳолатлар мавжуд бўлса, уларни зудлик билан бартараф этиш талабини қўйди.