Сўнгги пайтларда зангори экран орқали катта ютуқлар ўртага «тикилган» ва таваккалчиликка асосланган ўйинлар жуда оммалашди. Бундай азарт ўйинлар эпохасини шубҳасиз «ЗўрТВ» телеканали ўзининг «Борига барака» кўрсатуви орқали бошлаб берди. Мазкур кўрсатув қисқа фурсатда катта машҳурликка эришди, миллионлаб аудитория йиға олди. Чунки осонгина машина ёки квартира ютиб олишни ким ҳам истамайди дейсиз.

Азалдан рейтинги баланд кўрсатувларнинг «ошиқлари» кўп бўлади. Бироздан кейин худди шундай форматдаги ўйинлар бошқа телеканалларда ҳам пайдо бўлди. Хусусан, «MY5» каналида «Омад шоу», «Mahalla» телеканалида «Кафил шоу» каби кўрсатувлар дунё юзини кўрди. Қатордан қуруқ қолмайлик деб, «MilliyTV» ҳам «Миллионер шоу» ва «Олтин калит» деган дастурларни бошлади.

Хуллас, кун сайин ойнаи жаҳон мана шундай таваккалчиликка асосланган ўйинларга тўлиб-тошмоқда. Ижтимоий тармоқларда эса деярли ҳар куни бу каби кўрсатувлар ҳалолми ёки йўқ, деган саволларни учратамиз. Бу каби саволлар асосан диний характерда бўлиб, жавоблар ҳам диний манбалар асосида берилмоқда.

Аммо Ўзбекистон дунёвий давлат, ҳар кимнинг виждон эркинлиги кафолатланади. Шундай экан, қуйидаги саволга ҳам жавоб излаб кўриш мақсадга мувофиқ: «бу каби шоулар қонунийми?».

Хўш, аслида бундай ўйинлар қай даражада қонунчилигимизга тўғри келади? Ушбу мақолада шу ҳақида суҳбатлашамиз. Аниқроғи, бугун асосан «Борига барака» кўрсатувига кўпроқ тўхталамиз, чунки бунинг ўзига хос сабаблари бор.

Келинг, аввало гапни 12 йил ортга қайтган ҳолда бошласак.

Қиморга қарши кураш тарихи

2007 йил 28 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қимор ўйинларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ ноқонуний фаолиятнинг олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-608-сонли қарори қабул қилинади. Қарорда қимор ўйинларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш, қимор бизнеси ривожланишининг салбий оқибатларидан огоҳлантириш масалалари долзарб аҳамиятга эгалиги таъкидланади ҳамда мутасаддиларга бу бўйича тегишли чоралар кўриш вазифаси юкланади.

Орадан кўп ўтмай, аниқроғи 2007 йил 16 август куни Вазирлар Маҳкамасининг «Қимор ўйинларини ташкил этиш ва ўтказишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 176-сонли қарори қабул қилинади.

Қарорга биноан, 2007 йил 1 сентябрдан бошлаб қуйидагилар тақиқланади: