Жамият | 13:10 / 11.12.2024
4855
3 дақиқада ўқилади

Навоийда электромонтёр 12 кишининг номига кредит олиб, онлайн қиморга ютқазиб қўйди

22 ёшли йигит ишдан бўш вақтлари уяли алоқа воситалари дўконида савдо ишларига ёрдамлашган ҳамда одамлар номига 140 млн сўмдан ортиқ онлайн кредит расмийлаштириб, қиморга тикиб юборган. У етказган зарарни қоплаш учун ўз уйини сотишга мажбур бўлди.

Учқудуқда одамлар номига онлайн кредит олиб, қиморга ютқазиб қўйган йигит жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.

Суд ҳукмида келтирилишича, 2002 йилда туғилган Ж.А. “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ Шимолий кон бошқармасига қарашли 3-сонли ГМЗда электромонтёр бўлиб ишлаб келган. У ишдан бўш вақтларида Учқудуқ тумани марказий деҳқон бозори ҳудудида жойлашган уяли алоқа воситалари дўконида сотув ишларига кўмаклашган.

Ж.А. дўконда асосан мижозларга телефон сотиб олиш учун онлайн кредит расмийлаштириб бериш билан шуғулланган. Кейинчалик эса ушбу амалиёт бажарилган телефондаги иловада мижозларнинг кредит тарихи сақланиб қолганидан фойдаланиб, уларнинг номига онлайн кредит расмийлаштириб олган.

Электромонтёр 2024 йилнинг июн ойидан август ойига қадар 12 кишининг номига кредит чиқарган. Жумладан, у И.У. номига 8,5 млн сўм, Ж.Э. номига 13 млн сўм, А.Э. номига 17 млн сўм, Т.Т. номига 2,2 млн сўм, Ш.Т. номига 8,6 млн сўм, С.А. номига 9 млн сўм, К.А. номига 13,8 млн сўм, В.С. номига 8,8 млн сўм, Б.Б. номига 24,8 млн сўм, Ф.М. номига 15 млн сўм, Ҳ.Р. номига 13,5 млн сўм ҳамда А.У. номига 6,5 млн сўм онлайн кредит расмийлаштирган. Шунингдек, фуқаро А.У.нинг 9,2 млн сўмлик ойлик иш ҳақи ҳам ўзлаштириб олинган.

Ж.А. расмийлаштирилган кредит маблағларини ўзининг фойдаланувидаги иловада сақланиб қолган М.Э. номига расмийлаштирилган виртуал картага 1 млн сўмдан ўтказиб борган. Сўнгра эса виртуал картадаги маблағларни онлайн қиморга тикиб, ютқазиб қўйган.

Ж.А. судда айбига тўлиқ иқрор бўлган ҳамда отаси йўқлигини, онаси билан бирга яшашини, ўз уйини сотиб, жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплаганини билдирган. У суддан ўзига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни сўраган.

Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди ҳукми билан Ж.А. Жиноят кодексининг 141-2-моддаси (шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) 2-қисми “б,в” бандлари, 169-моддаси (ўғирлик) 3-қисми “а,б” бандлари ва 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “б,г” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилган. Унга 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Олдинроқ Бухорода ўнлаб шахслар номига кредит олиб, онлайн қиморга тикиб юборган 16 ёшли бола қамоққа олингани хабар қилинганди.

Мавзуга оид