7 июнь куни Ўзбекистон миллий жамоаси Тошкентда Корея Халқ Демократик Республикаси билан ўртоқлик ўйинини ўтказди ва 4:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Йирик ҳисобдаги ғалаба мухлислар кайфиятини кўтаргани баробарида «Миллий» стадионининг янгиланган чими яна эътирозларга сабаб бўлди.

КХДРга қарши учрашув «Миллий» арена майдони тўла кўчириб ташланиб, унга буткул янги чим экилганидан кейинги биринчи расмий ўйин эди.

Tribuna.uz нашри мазкур ҳолатга изоҳ олиш учун ЎФА буюртмаси асосида Ўзбекистоннинг бош аренаси майдонини парваришлаш масъулиятини олган туркиялик мутахассис Тайфун Тунгузга мурожаат қилди. У хавотирга ўрин йўқлигини айтмоқда.

«Чим синовдан яхши ўтди. Хавотирга ўрин йўқ. Кўчган жойлар бундан кўпроқ ҳам бўлиши мумкин, деб кутган эдик. Экилганига 5-6 йил бўлган чимларда ҳам бу нарса бўлади.

КХДР билан ўйинда майдоннинг 5та нуқтасида кўчган ва бузилган жойлар бўлди. Бундан хавотир олмаса ҳам бўлади. Бештадан кўпроғига салбий баҳо бериш мумкин эди, лекин бу нормал ҳолат. Экилган чим жаҳон стандартига жавоб беради.

Майдоннинг ҳозирги ҳолатига бемалол яхши баҳо беришимиз мумкин. Буни ютуғимиз деб ҳисоблайман. Кетган меҳнатимизга арзийди. 11-санада бўладиган ўйинда бундан ҳам яхшироқ бўлади», – дейди у.

Тайфун Тунгуз Туркиянинг «Iren» компаниясининг ландшафт дизайни бўйича архитектори саналади. Унинг сўзларига кўра, яна 1 – 1,5 ойлардан кейин «Миллий» стадиони чими идеал ҳолатга келади ва унда майса ўпирилишлари кузатилмайди.

«Майдонга икки хил – секин ва тез ўсувчи майса уруғи экилган. Биринчиси йўқолиб кетади, иккинчиси эса бақувват бўлиб қолади.

Чимга эътибор билан яхши қаралса, 10-15 йил бемалол хизмат қилади. Ҳар бир-икки йилда уруғ сочиб турилади. Туркиядаги «Қайсариспор» стадиони чими 8 йил олдин – 2011 йилда экилган эди», – деди Тайфун Тунгуз.

Ҳозир ушбу стадион майдонини парваришлаш билан беш нафар ходим шуғулланмоқда. Улардан икки нафари – «Iren» компанияси мутахассисларидир.