Замонавий илғор давлатларнинг белгиларидан бири бу ривожланган транспорт тизимидир. Транспорт турларининг энг қулайи метро десак ҳеч ким қаршилик қилмаса керак. Лекин унинг қурилиши қандай бўлади? Унинг қурилишидан ҳеч ким азият чекмайдими? Аҳолининг рози-ризочилиги билан бўладими ўзи? Айнан шундай масала билан пойтахтимизнинг Сергели туманидан бир оила шикоят билан чиқди.
Туманнинг Чоштепа маҳалласи, 177-уйда истиқомат қилувчилар учун бу метро қурилиши анча қимматга тушган. Деворининг ёнидан ўтиб бораётган ер усти метроси уларнинг тинчини бузган. Оиланинг ҳадик ва алам ичида айтганларини келтириб ўтамиз.
видео: youtube
видео: mover (Tas-IX)
«2016 йил 25 сентябрда шаҳар ҳокимияти вакиллари 40 нафар бўлиб келишди. Дам олиш куни эди. Уйимизда қурилиш ишлари бўлаётган эди. Улар бизга қурилишни тўхтатишимиз, кўчишимиз кераклигини айтишди. Шу билан ҳамма қурилишларни тўхтатдик. Метро қурилиши ишлари бошланиб кетди. 130 тонналик ускунаси бор. Ерга кириб кавлайди. Ишлаганида ер силкинади. Уйда қуёнларим бор. Уларга овқат бериш учун борган вақтимда кран билан катта тошни деворнинг олдига ташлади. Иккинчи қават шундай олдимга қулаб тушди. Мен болаларни босиб қолди деб ўйладим. Шок ҳолатига тушиб қолдим. Болалар ортимдалигини кўриб ўзимга келдим. Маҳалла одамлари югуриб келишди. Метро қураётганларнинг эса умуман иши бўлмади. Ҳоким келиб айтиб кетганига 2 йилдан ошди. 3 ойдан кейин кўчасизлар, кейин яна 3 ойдан сўнг кўчасизлар дейишади. Сентябрь келса 3 йил бўлади. Ҳеч қандай янгилик йўқ. Қурилишларимиз ўша жойида қолиб кетди. Ичлари ёрилиб ётибди.

Прокуратура, ҳокимликлардан жавоблар келган. Чора кўришларини айтишган. Ҳеч чора кўрилмайди. Очиғи агар уйларимизда қимирлаш бўлса, биз фарқлай олмаймиз. Бу зилзилами ёки метро қурилишидаги катта машиналар ўтяптими? Билмай қоламиз», дейди Шоира Қўшақова.
























