Пойтахтда жамоат транспортига устуворлик бериш мақсадида BRT (Bus Rapid Transit) тизими кенгайтирилмоқда. Янги транспорт коридори тўртта асосий кўчани қамраб олади.
Лойиҳага кўра, коридор қуйидаги йўналишлардан ташкил топади:
- Шота Руставели кўчаси — 6,5 км. Бу ерда BRT тизими 2025 йилдан буён ишламоқда.
- Шаҳрисабз кўчаси — 3,2 км. Дастлабки 2,2 километрлик қисми фойдаланишга топширилган, қолган қисмида ишлар давом этмоқда.
- Амир Темур шоҳкўчаси — 7,6 км. BRT инфратузилмасини барпо этиш ишлари бошланган.
- Янги Сергели кўчаси — 5,5 км. Лойиҳа бўйича дастлабки ишлар олиб борилмоқда.
BRT тизими фақат автобуслар учун алоҳида ҳаракатланиш тасмасини ташкил этиш билан чекланмайди.
Коридор бўйлаб светофорлар янгиланиб, кейинги босқичда «яшил тўлқин» тизими жорий этилади. Шунингдек, катта сиғимли автобуслар учун замонавий бекатлар ва платформалар қурилади, автобуслар сони кўпайтирилади, қатнов жадваллари мақбуллаштирилади.
Бекатларда автобусларнинг етиб келиш вақтини кўрсатувчи электрон таблолар, видеокузатув камералари ва SOS тугмалари ўрнатилади. Кўча ёритиш тизимлари ҳам янгиланади.
Шота Руставели кўчасида автобуслар тезлиги 45 фоизга ошган
Транспорт вазирлиги маълумотларига кўра, Шота Руставели кўчасидаги BRT коридорида 2026 йилги кўрсаткичлар 2023 йил билан таққосланганда, автобусларнинг ўртача ҳаракат тезлиги 45 фоизга, енгил автомобилларники эса 18 фоизга ошган.
Шунингдек, жамоат транспортида кунлик йўловчи оқими 8 052 нафарга ёки 9 фоизга кўпайган.
Мазкур натижалар автобуслар учун алоҳида йўлаклар ташкил этиш автомобил ҳаракатига ҳам ижобий таъсир кўрсатиши мумкинлигини кўрсатмоқда.
Тошкентда бир кунда қарийб 2,7 миллион йўловчи қатнови қайд этилган
Пойтахтда жамоат транспортига талаб юқорилигича қолмоқда.













