33 километр янги йўл қўшилди
Тошкент метроси 1977 йилда ишга туширилган. Дастлабки йилларда унинг асосий вазифаси шаҳарнинг марказий қисмларини йирик тураржой массивлари билан боғлашдан иборат бўлган.
Аммо кейинги қарийб 40 йил давомида метро тармоғи жуда секин кенгайди. 2016 йилга келиб, Тошкент метросида 29 та бекат ва 38 километр йўл мавжуд эди. Сўнгги ўн йилликда эса ушбу кўрсаткичлар сезиларли ўзгарди: 33 километр янги метро йўли қурилди ва 21 та янги бекат очилди.
Бугун метро тармоғининг умумий узунлиги 71 километрни ташкил этмоқда. Яъни сўнгги ўн йилда қурилган янги йўлларнинг ўзи аввалги 38 километрлик тармоқнинг қарийб 87 фоизига тенг. Тармоқ аввал метро билан қамраб олинмаган, асосан, темирйўл ёки автобус каби ер усти транспортидан фойдаланилган ҳудудларгача кенгайди. Шу жиҳатдан қараганда, сўнгги йиллардаги асосий ўзгаришлардан бири метрoнинг Тошкент транспорт тизимидаги улуши кенгайганидир.

Йўловчилар оқими 57 фоизга ошди
2023 йилда Тошкент метросидан 172 миллион йўловчи фойдаланган. 2024 йилда эса бу кўрсаткич 270,3 миллионга етди. Бир йил ичида қарийб 100 миллионлик фарқ юзага келган. Ўсиш 98,3 миллион йўловчи ёки 57,2 фоизни ташкил қилган. Мазкур рақамларни оддий ҳисобга айлантирсак, 2024 йилда метро кунига ўртача 740 мингдан ортиқ йўловчини ташиган бўлади.
Йўловчи оқимининг бундай тез ўсиши инфратузилма олдига бошқа талабларни қўяди. Энди бекатлар сонини кўпайтиришнинг ўзи етарли эмас. Поездлар, ҳаракат интервали, бекатлар ўтказиш қобилияти, эскалаторлар, чиқиш-киришлар, тўлов тизими ва ҳатто мобил алоқа ҳам биргаликда ишлаши керак. Шу сабабли, сўнгги йилларда метродаги ўзгаришларнинг яна бир йўналиши мавжуд тизимнинг ички имкониятларини ошириш бўлди.

Поездлар кўпайди, кутиш вақти қисқарди
Янги метро йўллари ва бекатлар ўз-ўзидан йўловчилар ташиш имкониятини оширмайди. Бунинг учун ҳаракат таркиби ҳам етарли бўлиши керак. 2016 йил атрофида Тошкент метросида 40 та эски турдаги поезд таркиби мавжуд эди. Кейинги йилларда 55 та янгиси харид қилинди. Шунингдек, 2026 йилнинг ўзида яна 14 та замонавий таркиб олиб келинди. Ҳозирда метрополитенда жами 91 та поезд таркиби мавжуд бўлиб, шундан 55 таси янги замонавий поездлардир.














