Қуйида 2019 йил 1 июлдан қонунчиликда нималар ўзгариши ҳақида маълумот берамиз.

Вазирлар Маҳкамасининг 20.09.2018 йилдаги «Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиши самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 747-сонли қарорига кўра:

  • автотранспорт видеорегистраторлари орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари акс этган видеоёзувлар махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган ҳуқуқбузарликлар ҳолатлари қайд этилган видеоёзувларга тенглаштирилади;
  • ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, жамоат транспорти ва йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар учун автотранспорт воситаларига видеорегистраторлар ўрнатиш бўйича мажбурий тартиб жорий этилади;
  • ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги видеоёзувларни юборган шахслар ҳуқуқбузардан ундирилган жарима ҳисобидан энг кам ойлик иш ҳақининг беш фоизи миқдоридаги пул мукофоти билан рағбатлантирилади.

Эслатиб ўтамиз, қарорга мувофиқ ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги видеоёзувларни тақдим этган шахслар тўғрисидаги маълумотларнинг ошкор этилишига йўл қўйилмайди.

Мобиль видеокамераси бўлмаган ЙПХ ходимига ҳужжат тақдим этилмайди

Вазирлар Маҳкамасининг 01.12.2018 йилдаги «Йўл патрул ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисида» 975-сонли қарорига мувофиқ йўл ҳаракати қатнашчилари мобиль видеокамерасиз фаолият олиб бораётган ЙПХ ходимига ҳужжатларни тақдим этмаслик ҳуқуқига эга;

ЙПХ ходими вазифаларини мобил видеокамерадан фойдаланиб ошкора олиб боради ва бу ҳақида йўл ҳаракати қатнашчиларига маълум қилади.

Ер участкаларини хусусийлаштириш мумкин бўлади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 10.01.2019 йилдаги «Урбанизация жараёнларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ПФ-5623-сонли Фармонига мувофиқ:

  • юридик шахслар — Ўзбекистон Республикаси резидентлари уларга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ёки улар томонидан хусусийлаштирилаётган бино ва иншоотлар, саноат инфратузилмаси объектлари жойлашган ер участкаларини, шунингдек уларга туташ ҳудудлардаги ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш учун зарур миқдордаги ер участкаларини хусусийлаштириш ҳуқуқига эга;