Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Дон маҳсулотлари нархларини тартибга солишнинг бозор механизмларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликларининг 2020 йил ҳосилидан бошлаб бошоқли дон етиштирувчи хўжаликлар билан дон маҳсулотларини қайта ишловчи ташкилотлар, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик хўжаликлари ва омухта ем ишлаб чиқарувчи ташкилотлар ўртасида ғаллачилик кластерларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри қўмитаси, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда икки ой муддатда 2020 йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экинлари навларини жойлаштириш ва бошоқли дон етиштиришнинг прогноз ҳажмлари тўғрисидаги қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритади.
Бунда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари томонидан берилган таклифлар асосида 2020 йил ҳосилидан бошлаб жойларда ташкил этиладиган ғаллачилик кластерлари рўйхати ва ялпи бошоқли дон ҳосили хажми ҳамда давлат хариди учун сотиладиган миқдори аниқ белгилаб қўйилади.
Шундай тартиб ўрнатиладики, 2020 йил ҳосилидан бошлаб:
а) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда ҳар йили 1 сентябрига қадар агротехнологик карталарга асосан бир тонна бошоқли дон етиштиришга сарфланадиган ҳақиқий харажатлар ҳисоб-китобларидан келиб чиққан ҳолда бошоқли дон етиштирувчиларни кафолатли даромад олишини таъминлайдиган даражада бошланғич нархини тасдиқлайди;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 ноябрдаги 959 - сон “Бошоқли дон етиштиришни янада рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг 6-банди амалда сақлаб қолинади;
б) давлат хариди учун сотиб олинадиган бошоқли донга Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш Жамғармаси маблағлари ҳисобидан бошланғич нархдан келиб чиққан ҳолда 100 фоиз миқдорида бўнак маблағлари ажратиш орқали маҳсулот етиштирувчиларни ишлаб чиқариш харажатлари молиялаштирилади;
в) давлат харидлари учун сотиб олинадиган бошоқли дон миқдоридан ортиқча етиштириладиган маҳсулотларни фьючерс шартномаси асосида харид қилувчи ғаллачилик кластерлари маҳсулот етиштирувчилар билан камида 10 центнердан бошоқли дон сотиб олиш бўйича шартномалар тузади ҳамда ўз маблағлари ҳисобидан маҳсулот нархининг 60 фоизидан кам бўлмаган миқдорда бўнак ажратади;
г) фьючерс шартномаси асосида ажратиладиган қўшимча бўнак маблағлари бошоқли дон етиштирувчи хўжаликлар томонидан ҳосилдорликни ошириш ва маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш мақсадида, биринчи навбатда, минерал ўғитлар, ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш воситалари, ёқилғи-мойлаш материалларига ҳамда механизация хизматлари учун тўловларни амалга оширишга йўналтирилади;
д) давлат хариди учун етказиб берилган ҳамда ғаллачилик кластерлари томонидан фьючерс шартномаси асосида харид қилинган бошоқли дон учун якуний ҳисоб-китобларни амалга ошириш ҳосил йилининг 1 сентябрига қадар тўлиқ амалга оширилади;
е) давлат харидлари учун сотиб олинган ҳамда фьючерс шартномаси асосида харид қилинадиган бошоқли донни ташиш билан боғлиқ транспорт харажатлари Молия вазирлиги тасдиқлаган тарифлар бўйича мос равишда дон корхоналари ва ғаллачилик кластерлари томонидан қопланади.
Ишчи гуруҳи (Ж.А. Қўчқоров, А.Ж. Ваҳобов, Ж.А. Хўжаев)га:
2020 йил ҳосилдан бошлаб эксперимент тариқасида Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда камида иккита ғаллачилик кластерлари фаолиятини йўлга қўйиш;
“Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси ва унинг таркибидаги дон корхоналарини 2020-2021 йилларда босқичма-босқич хусусийлаштириш тадбирларини амалга ошириш;
халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда бошоқли дон маҳсулотларига интервенцион харидларни жорий этишни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилади;
заруратга кўра, бошоқли дон маҳсулотлари нархларини тартибга солишнинг энг самарали механизмларини жорий этиш бўйича белгиланган тадбирларга ва уларни бажарилиш муддатларига ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритиш ҳуқуқи берилади.
Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, “Ўздонмаҳсулот” акционерлик компанияси билан биргаликда компания ва унинг тизимидаги корхоналар устав фондидаги давлат улушини сотиш орқали тизим корхоналарини хусусийлаштириш дастурини ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун киритади.












