DW хабарига кўра, мазкур чақириқ Литва президенти Гитанас Науседа, Эстония бош вазири Кристен Михал ва Латвия бош вазири Андрис Кулбергснинг 9 октябрдаги қўшма мактубида баён қилинган.
Мурожаат Европа кенгаши раиси Антониу Кошта ва Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйенга йўлланган.
«Россия Украина портларини бомбардимон қилиб, Украина донининг жаҳон бозорларига чиқишини тўсмоқда. Айни пайтда ўз донини Европа Иттифоқи орқали ташиб, даромад олишга интилмоқда. Бизнинг инфратузилмамиз Россияга урушни молиялаштиришда ёрдам бермаслиги керак», — дейилади мактубда.
Болтиқбўйи давлатлари раҳбарлари ЕИ Россияга ўз тажовузининг иқтисодий оқибатларини қоплаш имконини бермаслиги лозимлигини таъкидлаган. Шунингдек, Украинанинг эгаллаб олинган ҳудудларидан олиб чиқилган доннинг Европа Иттифоқи орқали экспорт қилинишига йўл қўймаслик зарурлиги қайд этилган.
«Биз тажовузкорга босимни кучайтиришимиз ва Украинага ўз товарларини жаҳон бозорига олиб чиқишда ёрдам беришимиз керак», — деган уч мамлакат раҳбарлари.
Эстония ҳукумати матбуот хизмати маълумотига кўра, Кристен Михал ушбу масалани келаси ҳафта бўлиб ўтадиган Европа кенгаши йиғилишида кўтармоқчи.
Эстония 1 октябрдан Россия ва Беларус донининг ўз ҳудуди орқали транзитини тақиқлаган. Латвия ва Литва ҳам тарифларни ошириш ва назоратни кучайтириш каби чоралар орқали бундай ташувларни чеклашга ҳаракат қилмоқда.
Эндиликда уч давлат Россия дони транзитига тақиқни бутун Европа Иттифоқи миқёсида жорий этишни талаб қилмоқда. Ҳозирча ЕИ даражасида бундай қарор қабул қилингани ҳақида хабар берилмаган.














