DW нашрининг Politico маълумотларига таяниб ёзишича, Украинага миллионлаб тонна донни экспортга олиб чиқишда кўмак, шунингдек, ошган транспорт харажатларини қоплаш учун 1,1 млрд евро зарур.
Россия қўшинларининг портлар ва кемаларга давомли ҳужумлари туфайли Қора денгиз орқали ташувлар амалда қамал шароитига тушиб қолгани қайд этилмоқда. Шу сабаб Киев Европа Иттифоқи ҳудудидан ўтувчи муқобил йўналишлар имкониятларини кенгайтиришни сўрамоқда.
Украина аграр сиёсат ва озиқ-овқат вазири Тарас Висоцкий Брюсселга ташрифи давомида европалик ҳамкасблари билан шу масалани муҳокама қилган. У вазиятни ўта жиддий деб баҳолаган.
Бироқ транзит ҳажмини ошириш учун энг кўп инфратузилма имкониятига эга давлатлардан иккитаси — Полша ва Руминия қўшимча чоралар кўришга тайёр эмаслигини билдирган.
Руминия Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мамлакат фермерларининг манфаатлари устувор бўлиб қолишини таъкидлаган. Бухарестга кўра, Украина донининг кўплиги ва Дунайда сув сатҳининг пастлиги портларга ортиқча юклама туширмоқда. Бу эса руминиялик фермерларнинг ўз маҳсулотларини сотишига тўсқинлик қилмоқда.
Полша Инфратузилма вазирлиги ҳам Украина қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари транзитини кўпайтиришга қаратилган ўзгартишлар киритишни режалаштирмаётганини маълум қилган.
Висоцкийнинг айтишича, Украинада йиғиб олинган дон ва мойли экинлар маҳсулотлари тўпланиб қолмоқда. Уларни сота олмаган фермерларда келаси йил ҳосили учун кузги экиш ишларини молиялаштириш имконияти камаймоқда.
Вазир вазият баҳоргача ўзгармаса, экин майдонлари 35–40 фоизгача қисқариши мумкинлигини огоҳлантирган. Унинг маълумотига кўра, Европа орқали ўтувчи темирйўл, автомобил ва дарё йўналишлари ҳозир Украина экспортининг ярмидан камини ташиш имконига эга. Қамал сақланиб қолса, йил давомида мамлакатда 35 млн тоннагача юк чиқарилмай қолиши мумкин.
Киев Европа комиссиясидан 22 млн тоннагача аграр маҳсулотни ЕИ ҳудуди орқали ташишдаги қўшимча харажатларни қоплаш учун 1,1 млрд евро сўраган. Украина томонининг ҳисоб-китобича, муқобил йўналишлар ҳар бир тонна маҳсулот учун логистика харажатларини 50 еврогача ошириши мумкин.
Украина «бирдамлик йўлаклари» деб аталувчи муқобил экспорт маршрутларини қўшни давлатлардан ташқарига ҳам кенгайтиришни таклиф қилмоқда. Жумладан, маҳсулотларни Германия ва Нидерландия портлари орқали жўнатиш имконияти кўриб чиқилмоқда. Бироқ узоқроқ йўллар етказиб беришни қимматлаштиради ва фермерлар учун катта зарар келтириши мумкин.








