Бухоро шаҳрида «Bukhara City» мажмуаси барпо этилиши ҳақидаги хабарлар президент Шавкат Мирзиеёвнинг шу йилнинг март ойида Бухоро вилоятига ташрифидан сўнг тарқалган эди.
Президент ўшанда Бухоро шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, хусусан, «Бухоро сити» лойиҳаси билан танишган, Бухорони «саёҳатлар чорраҳаси»га айлантириш лозимлигини таъкидлаган эди.

Қадимий шаҳарларимиздан бири саналадиган Бухоронинг тарихий қисмига яқин жойда «Bukhara City» мажмуаси қурилиши ижтимоий тармоқларда шаҳарнинг ўзига хос архитектурасига салбий таъсир ўтказиши ҳақида мунозараларни келтириб чиқарди. Боз устига, «Bukhara City» қурилиши билан одамларнинг тураржойлари бузилиши, уларга мутаносиб компенсация тўланмаслиги борасидаги ташвишли изоҳларга сабаб бўлмоқда.
Бухоро вилоят ҳокимлиги расмий сайтида маълум қилинишича, Бухоро шаҳридаги янги мажмуа иқтисодий самарасиз ҳудудда бунёд этилади.
«Bukhara City» мажмуаси лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида кўплаб хорижий давлатлар, жумладан, Франция, Испания, Туркия, Озарбойжон ва Россия каби мамлакатларнинг тарихий шаҳарлари ҳамда уларда барпо этилган янги бунёдкорлик объектларини жойлаштириш усуллари чуқур ўрганилган.

Бунда ЮНЕСКО Умумжаҳон маданий мерос маркази талаблари ва халқаро шаҳарсозлик қоидаларини яхши тушунадиган маҳаллий ва хорижий мутахассислар билан маслаҳатлашган ҳолда «Bukhara City» мажмуасини қуриш учун Бухоро шаҳрининг тарихий қисмига мутлақо таъсири бўлмаган ҳолда қарийб 6 км узоқликдан жой танланган.

Янги мажмуани қуриш учун Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 8 июлдаги «Бухоро шаҳрида «Bukhara City» замонавий ишбилармонлик ва турар жойлар марказини барпо қилишга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги №565-сонли қарорига мувофиқ Бухоро шаҳрида аҳоли яшаш уйлари мавжуд бўлмаган, 15–20 йилдан буён бўш турган ва фаолияти самарасиз бўлган бир қатор йирик саноат корхоналари жойлашган 83 гектар ўлчамдаги ҳудуд белгиланган.


















