Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди. Масала 4 ноябр куни Шавкат Мирзиёевнинг Бухоро вилоятига ташрифи доирасида ўтказилган йиғилишда муҳокама қилинди.
«Бухоро иқтисодиётига, одамларнинг кундалик ҳаётига ижобий ўзгаришлар олиб кирадиган 30 миллиард долларлик янги ташаббуслар билан келганмиз», — деди президент.
Самарқанд–Бухоро йўналишида тезюрар поезд учун янги темирйўл линияси ҳам кўзда тутилган. Мутасаддиларга автомобил ва темирйўл лойиҳаларининг мастер-режаларини якунлаш, ҳамкорлар билан музокараларни бошлаш топширилди.
Шунингдек, 2026 йилда Бухородан ўтувчи А-380 автомобил йўлини реконструкция қилиш якунланиши белгиланган. 2027 йилда эса М-37 йўлининг вилоят ҳудудидаги 69 километрини янгилаш ишлари бошланади. Қиймати 200 миллион долларлик ушбу лойиҳа доирасида Бухоро шаҳри атрофида 4,5 километрли айланма йўл ҳам қурилади.
Йиғилишда ичимлик суви ва оқова тармоқлари масаласи ҳам кўриб чиқилди. Бу соҳада Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан 385 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилмоқда. Унинг иккинчи босқичига яна 248 миллион доллар жалб қилинади.
Лойиҳалар натижасида вилоятда 1,7 миллион аҳолининг сув таъминоти яхшиланиши, 775 минг киши канализация тармоғига уланиши кутилмоқда. Марказлашган ичимлик суви билан қамровни ҳозирги 80 фоиздан 95 фоизга етказиш режалаштирилган.
Президент аҳоли бу ўзгаришларни кутаётганини таъкидлаб, масъулларга сув таъминоти лойиҳаларини тезлаштиришни топширди.












