Юнусобод йўналишида ер ости метро қурилишининг иккинчи босқичи бошланди
Тошкент метрополитенининг Юнусобод йўналишида ёпиқ усулда қурилаётган узунлиги қарийб 1,5 километрлик янги туннелнинг бурғилаш ишлари бошланди. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» хабар қилмоқда.
Қайд этилишича, ушбу жараён Германиядан келтирилган замонавий HERRENKNECHT техникаси ёрдамида амалга ошириляпти. Мазкур ускуна бир кунда 12 метргача бўлган масофада ҳаракатлана олади. Эътиборлиси, янги техника нафақат бурғилаш ишларини бажаради, шунингдек, махсус ҳалқа (тюбинг)ларни ҳам ўрнатиш жараёнини параллель равишда олиб боради.
Таъкидланишича, янги йўлнинг умумий узунлиги 2,93 километрни ташкил этиб, метронинг туннель қисмидаги қурилиш-монтаж ишлари очиқ ва ёпиқ усулда олиб борилмоқда. Бугунги кунда мазкур ер ости қурилишида 40 га яқин замонавий махсус техника ва механизмларда 180дан ортиқ малакали муҳандис ва мутахассислар кечаю-кундуз узлуксиз иш олиб боришмоқда.
Лойиҳа 2019 йил охиригача тўла ниҳоясига етказилиши кўзда тутилган. Ушбу бунёдкорлик ишлари ниҳоясига етказилгач, Юнусобод метро йўналишига яна иккита бекат қўшилади. Булар «Юнусобод» ва «Туркистон» бекатлари бўлиб, ҳозирги кунда бекатлар оралиғида тоннелни қуриш ҳамда «Туркистон» бекатида қайта чиқиш (оборотний съезд) ва тупикларини қуриш бўйича очиқ усулда ишлар олиб борилмоқда.
«Тошкент метрополитени Юнусобод йўналишининг иккинчи босқичи қурилиши» лойиҳасининг умумий қиймати – 124,8 млн. АҚШ долларини ташкил этади. Лойиҳа «Тошкент Метролойиҳа» МЧЖ мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган.
Маълумки, жорий йилнинг май ойида лойиҳанинг дастлабки босқичида бурғилаш ишлари якунланган эди. Умумий узунлиги 1,5 км бўлган ковлаш ишларида 938 комплект темир-бетон ҳалқалар мустаҳкамланиб, «Шаҳристон» бекати билан уланиш учун тайёрланган махсус қисмига етиб келган эди.
Мавзуга оид
08:08 / 08.11.2024
Юнусободда бир кунда иккита ЙТҲ содир бўлди
13:40 / 20.08.2024
Тошкентда қалбаки АҚШ долларини сотаётган шахслар қўлга олинди
13:02 / 23.07.2024
Юнусобод туманида янги қурилаётган бинода ёнғин содир бўлди
21:47 / 03.07.2024