Бугунги кунда мамлакатда соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш, давлат дастурларини амалга ошириш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган ва изчил чора-тадбирлар амалга оширилиши натижасида аҳолига давлат томонидан кафолатли бепул тиббий ёрдам беришни таъминлайдиган шошилинч, кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатишнинг яхлит тизими ташкил этилди. Айниқса, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишнинг самарадорлигини ошириш, замонавий асбоб-ускуналар ва малакали кадрлар билан таъминлаш, шошилинч тиббий ёрдам беришнинг замонавий, юқори технологик самарали тизимини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, деб ёзади Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Козим Тожиев.
Қайд этилишича, шу билан биргаликда, аҳолига кечиктириб бўлмайдиган шошилинч тез тиббий ёрдам кўрсатиш масалаларида ўз ечимини кутаётган қатор муаммолар ҳам сақланиб қолмоқда. Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари жойлардаги амалий мулоқотлар ва таҳлиллари натижасида тез тиббий ёрдам машиналарининг тез, белгиланган муддатда чақирувларга етиб бориши, беморни шифохонага етказишига тўсиқ бўлаётган объектив сабаблар ҳам мавжудлиги кузатилди.
Хўш, бу объектив сабаб нималардан иборат?
Депутатларга тез ёрдам машиналари ҳайдовчилари махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидаларини (белгиланган тезликни ошириш, светофорнинг тақиқловчи чироғига бўйсунмасдан ўтиш ва ҳк.) бузганлиги бўйича айрим ҳолатларда жавобгарликка тортилаётганини билдирди.
Депутатлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тақдим этилган маълумотларни таҳлил қилганида, махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали тез тиббий ёрдам хизмати ҳайдовчилари томонидан 2017 йилда 339 та шундай ҳолат аниқланган бўлса, 2018 йилда 968 та, 2019 йилнинг биринчи чорагида эса, 350 тадан ошиб кетгани маълум бўлди.
Тез тиббий ёрдам хизмати кўрсатиш мақсадида зудлик билан кетаётган ҳолда шундай қоидабузарлик содир этган дея баҳоланган ҳуқуқбузарликлар учун 2017 йилда 16 нафар, 2018 йилда 110 нафар тез тиббий ёрдам ҳайдовчиси жарима тўлаган. 2019 йил 1 март ҳолатига кўра, 89 та шундай ҳолат билан боғлиқ ҳал этилмаган, муаммоли ҳолат сифатида баҳоланаётган ишлар мавжуд.
Бу эса, тез тиббий ёрдам автомашиналари ҳайдовчиларининг асосли эътирози ва норозилигига сабаб бўлмоқда. Натижада, тез тиббий ёрдам кўрсатилиши зарур бўлганда ҳам, уларнинг светофорнинг тақиқланган чироғида кутиб туриш, белгиланган тезликдан оширмасдан ҳаракатланиши оқибатида беморга ўз вақтида ёрдам кўрсатиш имконияти пасаймоқда.

















