Алёр Саидмирзаев 35 йилдан бери Фарғона шаҳар Тез тиббий ёрдам бўлимида фелдшер бўлиб ишлайди. Касбининг иссиқ-совуғи, пасту-баландини татиган қаҳрамонимиз соҳанинг бугунги кундаги ҳолати, ишдаги масъулият ҳамда одамларнинг шифокорларга бўлаётган муносабати ҳақида сўзлаб берди. “Чақирувга борганимизда баъзан бизни ҳақорат қилишади, кези келганда калтаклашади ҳам, лекин барчасига чидаймиз”, – дейди у.
Инсон бошида ҳар хил вазиятлар бўлиши мумкин. Ҳаёт кутилмаган ҳолатлар, паст-баландликлар ва синовлардан иборат. Тўсатдан бемор бўлганимизда энг аввало 103 рақамига қўнғироқ қиламиз. Чақирувга асосан фелдшерлар етиб келади ва биринчи ёрдамни кўрсатади.
Республика тез тиббий ёрдам маркази Фарғона филиалида 35 йилдан бери фаолият олиб бораётган фелдшерлар Алёр Саидмирзаев, Мавжуда Ҳасанова ва унинг ҳайдовчиси билан суҳбатлашдик.
Тарсаки тушганда кўзимдан ёш чиқиб кетди...
“Ишимизда халоват йўқ. Масъулиятимиз эса катта. Ҳар хил вазиятлар бўлади. Манзилга борганимизда кеч келдинг, деб ҳақорат қилишади. Иложи борича оғир-босиқлик билан бемор ва яқинларига яхши гапириб, эр-хотин жанжал қилган бўлса яраштириб, дори-дармонларни қилганимиздан кейин, ҳолат яхши томонга ўзгаради. Кўп ҳолатларда беморнинг асаби бузилганда тутқаноқ ҳам бошланиши мумкин, ёрдам кўрсатамиз...
Асабий одамлар жуда кўп. Одамлар учун бир дақиқа бир соатдек туюлади. Етиб борганимизда бақиради, чақиради, кеч келдинг деб хақорат қилади, лекин чидаймиз... Иложи борича уларга оғир-босиқлик билан муомала қилишга ҳаракат қиламиз. Биринчи ёрдам кўрсатилиб беморнинг қон босими ёки тана ҳарорати тушгандан кейин улар миннатдорчилик билдиришади.
Ҳар хил ҳолатлар бўлади. Бир чақирувга борганимизда эркак кишига биринчи ёрдам кўрсатилди. Барча ёрдамларга қарамасдан беморнинг қон босими тушмади. Иложсизликдан беморни носилкага олдик. Шу пайт қаердандир ит келиб, елкамни тишлаб олди. Ўша куни кимгадир биринчи ёрдам кўрсатишга борганман, лекин ўзимга биринчи ёрдам кўрсатилди. Ишимни йиғиштириб қўйиб бир муддат даволанишга мажбур бўлдим.
Кунларнинг бирида чақирув бўлди. Боришимизга 80 ёшга кирган чол юраги ушлаб, яъни инфарктдан ўлиб қолди. Хотини эрим ўлдими, деб мендан сўради. Энди холажон, Худо раҳмат қилсин, умри шунча экан, қўлимиздан келгани шу деганимни биламан юзимга бир шапалоқ келиб тушди. Кўзимдан беихтиёр ёш чиқиб кетди. Ўшанда уй бекасининг қилган иши жуда оғир ботган. Ўтириб олиб йиғлаганман”, – дейди фелдшер Алёр Саидмирзаев.

















