Тошкентда ўтаётган таэквондочи кадетлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатининг иккинчи куни доирасида Халқлар дўстлиги майдонида катта флешмоб бўлиб ўтди.

Тадбирда жами 2019 нафар таэквончи болалар ва Халқаро кадетлар таэквондо кўргазмавий жамоаси аъзолари қатнашиб, спортнинг бу турига хос ҳаракатлар билан кўргазмавий чиқишлар қилдилар.

Флешмобда Бутунжаҳон таэквондо федерацияси президенти Чунгвон Чой ҳам бевосита қатнашди. Унга Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, Ўзбекистон таэквондо WTF ассоциацияси президенти Шерзод Тошматов ва бошқалар ҳамроҳлик қилишди.

Тадбир доирасида ўзбекистонлик ёш таэквондочилардан 13 нафари спортда эришган ютуқлари учун махсус исм камарларини бевосита Бутунжаҳон таэквондо федерацияси президентининг қўлидан қабул қилиб олишди.

Чунгвон Чой, шунингдек, меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларидан бир гуруҳига эсдалик совғаларини улашди.

Шундан сўнг чемпионатга тайёргарлик доирасида ташкилотчилар томонидан Бухоро ва Самарқанднинг қадимий масканларида таэквондога бағишлаб суратга олинган видеороликлар катта экранда намойиш қилинди.

Бутунжаҳон таэквондо федерацияси президенти Чунгвон Чой ўз сўзида мазкур тайёргарлик ишларидан катта таассурот олганини яшириб ўтирмади.

«Ассалому алайкум, – дея яна ўзбекча салом бериш билан ўз нутқини бошлади кореялик меҳмон.

– Тадбирдан жуда таъсирландим. Тошкентдек чиройли шаҳарда бундай тадбирни биринчи марта ўтказишимиз. Сизнинг таэквондога бўлган муҳаббатингиз бизга янада куч-қувват беради. Таэквондо олимпия таснифидаги спорт тури бўлиши билан бирга, биз муҳтожларга ёрдам беришни ҳам мақсад қилганмиз.