Ўзбекистоннинг асосий брендларидан бири ҳисобланган Самарқанд шаҳри UNESCO рўйхатидан чиқарилиши мумкинлиги ҳақидаги гаплар тарқалгани мамлакат, миллат тақдирига бефарқ бўлмаганларни хавотирга солгани аниқ. Шаҳарнинг тарихий қисмида амалга оширилган, амалга оширилаётган ва тўхтайдиганга ҳам ўхшамаётган қурилиш ишлари чиндан Самарқанд маданий мерослар билан боғлиқ энг обрўли рўйхатни тарк этишига сабаб бўлиши мумкин. Хўш, UNESCO рўйхатида туриш нимани англатади? Бу рўйхатда бўлиш бизга керак эмасми?

UNESCO ҳеч кимга буйруқ бермайди, қурилишларни ҳам тўхтатмайди

Сўнгги вақтларда Самарқанднинг тарихий қисмида амалга оширилаётган қурилишлар тўхташига UNESCO сабаб бўлаётган экан, бу халқаро ташкилот қуриб бўлинган уйларни бузишни талаб қиляпти деган гаплар тарқалди. Бу эса хато тушунча. UNESCO ҳеч қачон бирор мамлакатга бориб, фалон бинони бузасан, писдон бинони қурмайсан демайди. Агар этика меъёрларига амал қилмаса, ташкилот бу қадар обрўга эга бўлмасди. UNESCO шунчаки ўз рўйхатига киритилган мамлакатдаги тарихий бино олдида бошқа қурилиш бўлса, ўша янги қурилиш тарихий бинога халақит берса (яъни унга сояси тушса ёки тарихий бинодан баланд бўлиб қолса), «Жаноблар, мана бу қурилиш сабаб сизнинг шаҳрингиз бизнинг рўйхатдан чиқиши мумкин», деб огоҳлантиради холос.

UNESCO бирор мамлакат, шаҳар ёки объект ўз рўйхатида туриши учун қўпол қилиб айтганда «ўлиб-тирилмайди». Аксинча, мамлакатлар халқаро маданий меросларни ҳимоя қиладиган бу ташкилот рўйхатидан ўрин олиш учун йиллар давомида ҳаракат қилишади, буни шараф деб билишади. Масалан...

Ироқ Вавилонни (Бобил) UNESCO рўйхатига киритиш учун 40 йил ҳаракат қилди

Бугунги Ироқ ҳудудида жойлашган кўҳна Вавилон шаҳри харобалари 40 йил деганда UNESCO’нинг элит рўйхатига киритилди. Шу йил 5 июль куни Бокуда ўтказилган UNESCO йиғилишида Вавилон харобалари расман ташкилот рўйхатига киритилди. Ваҳоланки, Вавилон кўҳна дунё учун муҳим шаҳар бўлган. Аммо шундай кўҳна шаҳар ҳам Ироқнинг узоқ йиллик саъй-ҳаракатларидан кейингина UNESCO рўйхатига киритиляпти. Бизда эса одамлар бу рўйхатда туриш бизга нима беради деб юришибди.

Келинг, ўша бир гуруҳ одамлар орасида тарқалган «Бу рўйхатда туриш бизга нима беради?», деган саволга жавоб беришга ҳаракат қилиб кўрамиз. Биринчидан, бутун бошли шаҳарнинг UNESCO ҳимоясида бўлиши бу ўша шаҳарнинг тарихийлигини исботловчи ҳужжат! Эртага бирор сайёҳ замонавийлик жонига тегиб, тарихга саёҳат қилишни истаб қолса, UNESCO рўйхатига қарайди. Дунё тан олган бу ташкилот бежиз бу шаҳарларни ўз рўйхатига киритмаганини эси жойида сайёҳ тушунади.

Бундан ташқари, UNESCO рўйхатида туришнинг моддий манфаатдорлиги ҳам бор. Масалан, Суриянинг вайрона бўлган шаҳри Алеппонинг (Ҳалаб) қайта тикланиши учун UNESCO катта пул ажратди (рус нашрлари буни рад этганига қарамай). Ташкилот ўзининг жуда катта қамровли медиамаконида тасарруфидаги шаҳарлар, мамлакатлар ва объектларни реклама қилади.