Спорт | 16:55 / 19.08.2019
19334
2 дақиқада ўқилади

Миллий паралимпия ассоциациясига янги раис сайланди

Ўзбекистон Миллий паралимпия ассоциацияси раҳбари ўзгарди.

Бугун бўлиб ўтган навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси қатнашчилари ташкилот раиси Улуғбек Мирҳайдаровнинг истеъфо ҳақидаги аризасини маъқуллашди.

Унинг ўрнини бунга қадар ассоциация раисининг ўринбосари лавозимида ишлаб келган Мухторхон Махсудович Тошхўжаев эгаллади.

«Овоз бериш жараёнида барча бир овоздан янги номзодни маъқуллади ва Мухторхон Тошхўжаев Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциациясига янги раҳбар этиб сайланди», – дейилади Миллий олимпия қўмитаси хабарида.

Мухторхон Тошхўжаев

«Аввало, менга билдирилган ишонч учун ҳаммага раҳмат. Олдимизда Токио-2020 Паралимпия ўйинларидек масъулиятли мусобақа турибди. Риода қайд этилган натижа тасодиф эмаслигини исботлаш учун барчамиз биргаликда ҳаракат қиламиз.

Жамоанинг ҳамжиҳатлигисиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Умид қиламанки, барчамиз бир жамоа бўлиб, олдимизга қўйилган вазифаларни адо этамиз», – деди Тошхўжаев.

Миллий олимпия қўмитасида бўлиб ўтган йиғилишда қўмита вице-президентлари Азиз Комилов ва Сакен Полатов, шунингдек, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Ойбек Касимов ҳам қатнашди.

Азиз Комилов
Ойбек Касимов

«Тадбир якунига етгач, барча Миллий паралимпия ассоциациясида жам бўлди. Бу ерда МОҚ президенти Рустам Шоабдураҳмонов Паралимпия ассоциацияси мутасаддилари, спортчи ва тренерлар билан суҳбатлашди. МОҚ президенти учрашув давомида ташкилот аъзоларига янги раҳбарни яна бир бор таништириб, М.Тошхўжаевга фаолиятида омад тилади», – дейилади расмий хабарда.

Мухторхон Тошхўжаев ва Рустам Шоабдураҳмонов

Мавзуга оид