Жамият | 15:50 / 22.08.2019
4247
2 дақиқада ўқилади

«Ақлли ҳисоблагичлар»га алоқадор аксар муаммолар уланиш ва фойдаланиш жараёни билан боғлиқ - «Ўзстандарт»

«Ўзстандарт» агентлиги масъуллари Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида журналистларнинг «ақлли ҳисоблагичлар» билан боғлиқ саволларига жавоб бериб, ундан фойдаланишда одамлар орасида тушунмовчиликлар келиб чиқаётганига изоҳ берди.

«Республика ҳудудига киришдан олдин барча турдаги ҳисоблаш воситалари белгиланган тартибда тасдиқлаш синовларидан ўтказилади. Ҳозирги кунда газ, электр энергияси ҳисоблагичлари ҳам текширилиб, республика ўлчаш реестрига киритилган ва қўллашга рухсат этилган.

«Ақлли ҳисоблагичлар» ҳам худди шундай тартибда фойдаланишга татбиқ этилмоқда. Улар бўйича келиб тушаётган мурожаатларни биз жойларга чиқиб ўрганганимизда кўпчилиги шу пайтгача механик ҳисоблагич ишлатиб келган фуқаролар томонидан юборилгани маълум бўлди», дейди «Ўзстандарт» агентлиги бошқарма бошлиғи Абдурауф Абдуқаюмов.

«Гарчи бу борада кўплаб мурожаатлар келаётган бўлса-да, аниқ муаммо ҳисоблагичнинг кўрсаткичи билан боғлиқлиги ўз тасдиғини топгани йўқ. Биз мутасадди ташкилотлар - «Ўзбекэнерго» ва мувофиқлигини баҳоловчи лаборатория ходимлари билан ҳамкорликда шикоят эгаларининг ҳисоблагичларини текшириб кўряпмиз», дея «Ўзстандарт» агентлиги бош директори Дилшод Сатторовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Бош директорнинг таъкидлашича, текширув натижалари аксар ҳолларда «ақлли ҳисоблагичлар» билан боғлиқ муаммолар уланиш ва фойдаланиш билан боғлиқ бўлганлигини кўрсатди. Масалан, ҳисоблагичга подъезддагилардан бири ҳам уланиб қолгани каби ҳолатлар аниқланган.

Маълумот учун, «ақлли ҳисоблагичлар» номи билан оммалашган EEHO ва NQAT тизимига (электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими) 2020 йилнинг охиригача 7 миллиондан зиёд истеъмолчилар уланиши керак. 

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид