Тошкентда номусга тегиш билан боғлиқ жиноятлар сони ошган
2019 йилнинг биринчи ярмида Тошкент шаҳрида номусга тегиш билан боғлиқ 15та жиноят содир этилган. Ваҳоланки, ўтган йилнинг шу даврида бундай жиноятлар сони 2тани ташкил қилган эди.
Бу турдаги жиноятлар сони нафақат пойтахтда, балки Жиззах (3тадан 9тага) ва Тошкент вилоятларида (6тадан 11тага) ҳам ошгани кузатилган.
Бешта вилоятда эса номусга тегиш жиноятларининг камайишига эришилмаган. Фарғона (5-5), Қашқадарё (3-3), Хоразм (3-3), Бухоро (2-2) ва Наманган (2-2) вилоятлари шулар жумласидан.
Бу ҳақда Сенат ялпи мажлисини ёритиб бораётган Kun.uz мухбири мажлисда сўзга чиққан Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси Бойматжон Расуловга асосланиб хабар бермоқда.
Сенатор қасддан одам ўлдириш ва босқинчилик жиноятлари бўйича ҳам баъзи рақамларни келтириб ўтди.
Унинг айтишича, қасддан одам ўлдириш ҳолатлари республика бўйича 66 тага (229/163) камайган бир вақтда, Навоий вилоятида (6/7) ошган.
Босқинчилик жинояти эса жами 33 тага (77/43) камайган бўлса-да, Сирдарё (0/1), Навоий (0/1) ва Қашқадарё (5/6) вилоятларида кўпайгани кузатилган.
Умуман олганда, умумий жиноятлар таркибида оғир ва ўта оғир жиноятларнинг салмоғи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,7 фоизга кўпайган.
Масалан, рўйхатга олинган жиноятларнинг Сурхондарё вилоятида 36 фоизи, Тошкент шаҳри ва Хоразм вилоятида 30 фоизи, Навоий, Наманган ва Жиззах вилоятларида 25 фоиздан ортиғи оғир ва ўта оғир жиноятлар ҳисобланади.
Жиноятларда бевосита вояга етмаганлар иштироки Тошкент вилоятида 25 фоизга (48-60), гуруҳлар томонидан содир этилган жиноятлар эса Тошкент (14,7 фоизга), Сурхондарё (1 фоизга) ва Фарғона (0,7 фоизга) вилоятларида ошган.
Профилактик ҳисобда турган шахслардан 203 нафари 2019 йилнинг дастлабки ярим йиллигида турли жиноятларни содир этган.
Маъмурий назорат қонунчилиги таъсирига тушувчи 3583 нафар шахсларга нисбатан маъмурий назорат ўрнатилмаган, шу билан бирга маъмурий назорат ўрнатилган шахслар билан олиб борилаётган профилактик ишлар самарали ташкил этилмаганлиги оқибатида, уларнинг 161 нафари жиноят содир этган.
Соғлиқни сақлаш муассасалари билан ҳамкорликдаги тадбирлар лозим даражада ташкил этилмаганлиги сабабли жиноят содир этишга мойил гиёҳвандликка ружу қўйган 6352 нафар шахсдан 519 нафари ёки 8,1 фоизи мажбурий даволанишга юборилган, холос. Сирдарё вилоятида эса гиёҳванд шахсларнинг биронтасини даволаш муассасаларига жойлаштириш чоралари кўрилмаган.
Мавзуга оид
12:30 / 06.11.2024
АҚШда Трампнинг республикачилари Сенатда кўпчилик ўринни қўлга киритди
15:55 / 24.10.2024
“5 йилда 440 га яқин қонун муҳокама қилинди” - Сенат раиси
13:38 / 23.10.2024
Ердан фойдаланиш ҳақидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилади
13:04 / 23.10.2024