Олий Мажлис Сенати 3 октябр кунги ялпи мажлисда “Қозоғистон Республикаси, Қирғиз Республикаси, Тожикистон Республикаси, Туркманистон, Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида абадий яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани (Остона, 2025 йил 17 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонунни маъқуллади.
Бу шартнома “Марказий Осиё – Хитой” формати доирасида имзоланган биринчи кўп томонлама халқаро шартнома ҳисобланиб, Марказий Осиё давлатлари ва ХХР ўртасидаги узоқ муддатли ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини белгилаб беради.
Шартномада давлатларнинг суверен тенглиги, ҳудудий яхлитлиги, ички ишларга аралашмаслик, куч ишлатмаслик ва низоларни тинч йўл билан ҳал этиш тамойиллари асосида стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш назарда тутилган.
Шунингдек, ҳужжатда сиёсий мулоқот механизмларини кенгайтириш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, транспорт-коммуникация алоқаларини кучайтириш, энергетика, саноат кооперацияси, рақамли технологиялар, “яшил” тараққиёт ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни чуқурлаштириш белгиланган.
Сенат хабарида айтилишича, шартноманинг амалга оширилиши Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темирйўлини барпо этиш, транспорт йўлакларини ривожлантириш, логистика инфратузилмасини модернизация қилиш, “Электрон Ипак йўли” савдо платформасини ривожлантириш каби муҳим лойиҳалар учун янги имкониятлар яратади.








