Конференция Олий Мажлис Сенати ва Парламентлараро иттифоқ ҳамкорлигида ўтказилади. Унда 183 мамлакат, 15 халқаро ташкилот вакиллари ҳамда 50 га яқин доимий кузатувчи иштирок этади.

Тадбир доирасида олтита сессия ўтказилиши режалаштирилган. Шунингдек, “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентларнинг иштироки” мавзусида махсус очиқ сессия ташкил этилади.

Сўнгги йилларда мамлакат парламент дипломатиясини ташқи сиёсатнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида ривожлантириб, хорижий парламентлар ва халқаро парламент ташкилотлари билан алоқаларни кенгайтирмоқда.

Конференциянинг Самарқандда ўтказилиши Ўзбекистоннинг халқаро парламентлараро мулоқотдаги фаоллиги ортиб бораётганини кўрсатади.

Айниқса, ёш парламентарийларнинг халқаро мулоқот майдонида бирлаштирилиши долзарб масалаларни янги авлод вакиллари нуқтайи назаридан муҳокама қилиш имконини беради. Инсон ҳуқуқлари, адолат, барқарор ривожланиш ва парламентларнинг жамият олдидаги масъулияти каби мавзулар конференциянинг асосий кун тартибини ташкил этади.