Ўзбекистон | 18:28 / 27.08.2019
26802
2 дақиқада ўқилади

Давлат чегараларини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 27 август куни Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараларини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш масалаларига бағишланган ишчи йиғилиш бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши аппарати, Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) раҳбарияти, шунингдек, ДХХ Чегара қўшинлари қўмондонлиги иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Чегара қўшинлари фаолиятининг амалий натижалари кўриб чиқилди, давлат чегараларини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш тизимини халқаро ва минтақавий хавфсизликка таҳдид солаётган замонавий хатарларни ҳисобга олган ҳолда янада такомиллаштиришнинг устувор вазифалари белгиланди.

Чегараларимиз хавфсизлиги ва дахлсизлигини ишончли ва кафолатли таъминлаш халқимиз тинч-осойишта ҳаёти, мамлакатимиз тараққиётининг гарови экани таъкидланди.

Минтақа мамлакатларининг чегара идоралари йўналишидаги халқаро ҳамкорлик изчил мустаҳкамланиб бораётгани, турли халқаро ташкилотлар билан биргаликда қўшма тадбирлар муваффақиятли ўтказилаётгани мамнуният билан қайд этилди. Қўшни давлатлар билан ўтказиш пунктлари очилгани, янги ҳаво, темир йўл ва автобус қатновлари йўлга қўйилгани фуқароларнинг ўзаро борди-келдисининг ортишига хизмат қилмоқда.

Чегараолди ҳамкорликни фаоллаштириш юзасидан хорижий шерикларимиз билан эришилган келишувларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши устидан қатъий назоратни таъминлаш зарурлиги таъкидланди.

Йиғилишда бажарилган ишлар танқидий баҳоланиб, Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараларини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш тизимининг самарадорлигини янада ошириш юзасидан мутасадди тузилмалар раҳбарларига аниқ топшириқлар берилди.

Мавзуга оид