Сенат ялпи мажлисида Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига давлат чегарасини қўриқлаш ҳамда ҳимоя қилишни янада кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун муҳокама қилинди.
Маълум қилинишича, трансмиллий жиноятчиликнинг янги кўринишлари, хусусан, давлат чегараси орқали ерости туннелларини қуриш ва улардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари мавжуд қонунчиликни янада такомиллаштириш заруратини юзага келтирган.
Муҳокамада 2016–2025 йиллар давомида давлат чегарасида 12 та ноқонуний ерости туннели аниқлангани, улар орқали катта миқдордаги товар-моддий бойликлар, валюта қимматликлари ва бошқа товарларни мамлакатга яширин олиб киришга уринишлар кузатилгани таъкидланган. Бу каби ҳолатлар давлат чегараси дахлсизлиги, иқтисодий хавфсизлик ва миллий манфаатларга жиддий таҳдид солиши қайд этилган.
Қонун билан Жиноят кодексида давлат чегараси орқали еростида ноқонуний туннеллар ва бошқа инфратузилма объектларини қуриш, улардан фойдаланиш, бундай фаолиятни ташкил этиш ёки молиялаштириш учун алоҳида жиноий жавобгарлик белгиланмоқда. Шунингдек, ана шундай ноқонуний иншоотлардан фойдаланган ҳолда давлат чегарасини кесиб ўтганлик ёки контрабанда жиноятлари содир этганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтириляпти.
Биринчи марта ушбу турдаги қилмишни содир этган шахс ўз ихтиёри билан давлат органларига ноқонуний туннел ҳақида хабар берса ёки жиноятни фош этишга фаол кўмаклашса ҳамда унинг ҳаракатларида бошқа жиноят таркиби бўлмаса, жиноий жавобгарликдан озод қилиниши мумкинлиги назарда тутилмоқда.
Жиноят-процессуал кодексига киритилаётган ўзгартишларга мувофиқ ушбу турдаги жиноятлар бўйича дастлабки тергов ҳаракатларини Давлат хавфсизлик хизмати органлари терговчилари амалга оширади.
Сенаторлар қонунни маъқуллади.















