28 август оқшомида Европа Чемпионлар Лигасида плей-оффнинг сўнгги ўйинлари бўлиб ўтди.

Ўтган мавсум яримфиналчиси «Аякс» ўз уйида Кипрнинг АПОЭЛ клубини 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб, икки учрашув натижасига кўра (амстердамликлар сафарда 0:0 ҳисобида дуранг натижага эришганди) гуруҳ босқичига йўл олди. Чехиянинг «Славия» ва Бельгиянинг «Брюгге» клублари ҳам мос равишда ЧФР (1:0, 1:0) ва ЛАСК (1:0, 2:1) клублари тўсиғидан ўтиб, гуруҳ босқичида иштирок этадиган бўлишди. 27 август куни жавоб учрашувлари натижасига кўра, «Олимпиакос» «Краснодар»ни (4:0, 2:1), «Црвена Звезда» «Янг Бойз»ни (2:2, 1:1) ва «Динамо» Загреб «Русенборг»ни (2:0, 1:1) мағлуб этганди.

Шу тариқа, Чемпионлар лигаси-2019/20 мавсумида иштирок этадиган барча 32 жамоа номи маълум бўлди.

Саралаш плей-оффида жавоб ўйинларидан кейин «Олимпиакос», «Црвена Звезда», Загребнинг «Динамо», «Аякс», «Брюгге» ва Праганинг «Славия» клуби ҳам иштирокчилар қаторига қўшилди.

Қуръа арафасида жамоалар қуйидагича саватчаларга тақсимланади:

Биринчи саватча: «Ливерпуль», «Челси», «Барселона», «Манчестер Сити», «Ювентус», «Бавария», «ПСЖ», «Зенит»;

Иккинчи саватча: «Реал», «Атлетико», «Боруссия» Дортмунд, «Наполи», «Шахтёр», «Тоттенҳэм», «Бенфика», «Аякс»;

Учинчи саватча: «Лион», «Байер», «Зальцбург», «Олимпиакос», «Валенсия», «Интер», «Динамо» Загреб, «Брюгге»;

Тўртинчи саватча: «Локомотив», «Генк», «Галатасарой», «Лейпциг», «Славия», «Црвена Звезда», «Аталанта», «Лилль».

Бугун Монакода Европа Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтади. Бу маросим Тошкент вақти билан соат 21:00да бошланади.

Чемпионлар лигаси
Плей-офф раунди
Жавоб ўйинлари

«Русенборг» (Норвегия) – «Динамо» Загреб (Хорватия) 1:1 (1:0, 0:1)
27 август, «Леркендаль»
Голлар: 1:0 – 11 Акинтола, 1:1 – 71 Гояк.