Кун драмаси Прагада бўлиб ўтди: «Славия» «Ланс»га қарши ўйинда озчилик бўлиб қолганига қарамай, ўйин охирида олдинга чиқиб олганди, аммо қўшимча дақиқаларда иккита гол ўтказиб юборди.

«Фенербаҳче» бош мураббийи эса «Рома» билан дурангдан кейин мухлисларнинг танқидлари туфайли ҳиссиётга берилиб, истеъфо берди: футболчилар ҳайрон, клуб президенти унинг қайтишини кутмоқда.

«МЮ» биринчи бўлимдаёқ ҳал қилди

«Манчестер Юнайтед» – «Сабоҳ» 4:0
Голлар: Куня, 27 (1:0). Бруну Фернандеш, 42 (2:0). Шешко, 45 (3:0). Мартинес, 68 (4:0)
«Манчестер Юнайтед»: Ламменс, Мартинес, Йоро, Доргу (Амасс, 72), Мазравий, Тилеманс (Маунт, 46), Майну (Сантос, 64), Бруну Фернандеш, Куня, Мбемо (Лейси, 72), Шешко (Зиркзе, 64)
«Сабоҳ»: Покатилов, Маккарти, Дашдамиров, Пухач, Зедадка (Алмейда, 75), Лепиница, Симич (Ду Кейрос, 76), Раҳмоналиев (Ҳайбулаев, 71), Нвачукву (Мбина, 46), Пэррис (Исаев, 63), Миккелс
Огоҳлантиришлар: Доргу, 62 – Лепиница, 67

«Манчестер Юнайтед» «Сабоҳ»ни осонлик билан таслим этди – 4:0. Турнир дебютанти деярли қаршилик кўрсатмади ва ўйин тақдири биринчи бўлимдаёқ ҳал бўлди.

«Сабоҳ» 27 дақиқа чидаб берди, кейин эса савиядаги фарқ ўзини кўрсатди. Қозоғистонлик дарвозабон Стас Покатилов Матеус Куня, Бруну Фернандеш ва Бенямин Шешкодан биттадан гол ўтказди. Унинг иккинчи бўлимда ўтказган голи эса мемларга сабаб бўлди: жарима майдонидаги тартибсизлик вақтида тўп унга келиб тушди, аммо дарвозабон тўпни йўқотиб қўйди ва Лисандро Мартинес бир метр масофадан туриб, дарвозани ишғол этди. Бу вақтда эса Жошуа Зиркзее аллақачон вазият қўлдан бой берилган деб ҳисоблаб, афсус чекаётганди.

photo_2026-09-11_02-13-17

Шу куни «Сабоҳ»нинг бошланғич таркибида 11 мамлакат вакиллари, жумладан, ўзбекистонлик Умарали Раҳмоналиев жой олганди (у ўйинда жамоадошларидан алоҳида ажралиб турмади ва иккинчи бўлимда алмаштирилди). Бу ЕЧЛ тарихида турнирдаги дебют ўйин учун биринчи шундай ҳолат бўлди. Таркибдаги ягона озарбойжонлик – марказий ҳимоячи Раҳмон Дашдамиров эди. «МЮ»да ҳам шу куни бошланғич таркибда ягона англиялик футболчи – Майну тушганди.

«МЮ» Чемпионлар лигасидаги 300-ўйинини ўтказди ва бу довондан ўтган биринчи инглиз клубига айланди.

Бу «Юнайтед» учун ЕЧЛ гуруҳ босқичларидаги сўнгги саккиз ўйинда атиги иккинчи ғалаба бўлди. Бу оралиқда «қизил иблислар» икки бор дуранг ўйнаган, тўрт марта ютқазган ва 2023 йилда «Копенҳаген» билан ўйинда минимал ғалабага (1:0) эришганди.