Бугун 2019 йилнинг 4 сентябрь куни Мини-футбол бўйича IV Халқаро Хайрия турнири мусобақаларига расман старт берилди. Хайрия турнирининг очилиш маросими соат 9:30 да Тошкент шаҳридаги «Ўзбекистон» спорт мажмуасида бўлиб ўтди.
Мини-футбол бўйича халқаро хайрия турнирларини ўтказиш яхши анъанага айланган бўлиб, улар «GROSS INSURANCE» суғурта компаниясининг ташаббуси билан миллий суғурта компаниялари ва халқаро шерикларни бундай турнирда иштирок этишга таклиф қилган ҳолда 2016 йилдан бери кетма-кет тўрт йил давомида мунтазам ўтказиб келинмоқда.У ҳар йили янги ва янги маҳаллий ҳамда халқаро шерикларни, маданият намояндаларини, спорт ҳамжамияти ва оммавий ахборот воситалари вакилларини спорт тадбирларида кенг иштирок этишга жалб қилмоқда.



Шуни таъкидлаш жоизки, ушбу йили Мини-футбол бўйича IV Халқаро Хайрия турнири«MEHRLI QO‘LLAR» Имконияти чекланган ёшлар ва болалар маркази, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Маданият вазирлиги ва Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси кўмагида бўлиб ўтмоқда.
Турнирнинг мақсади имконияти чекланган ёшлар ва болаларга ғамхўрлик қилиш ҳамда хайрия ёрдамини кўрсатишда баҳоли қудрат моддий ҳисса қўшиш, компанияларнинг ижтимоий масъулиятини намоён қилишда, футболни ривожлантириш ва оммалаштиришда ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда муносиб ҳисса қўшишдан иборат.
«GROSS INSURANCE» суғурта компанияси учун хайрия – бу корпоратив ижтимоий масъулиятни амалга оширишнинг табиий шакли бўлиб, қолаверса у ўзига хос фахрли эҳтиёжга ҳам айланиб улгурган. Айрим инсонларнинг ҳам, бутун бошли ижтимоий гуруҳларнинг ҳам муаммоларига диққат-эътиборни жалб этиш, бу борада мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш уларга нафақат амалий ёрдам кўрсатишга, балки меҳр ва қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлган инсонлар тақдирига лоқайд бўлмасликка ва дахлдорлик ҳиссини тарбиялашга имкон беради.











