Шундай йирик спорт лойиҳаларидан бири — футбол ва мини-футбол бўйича «Давлат хавфсизлик хизмати кубоги» мусобақаларидир.

Жорий йилда ҳам мусобақа республика бўйлаб кенг кўламда ташкил этилди. Апрел–май ойларида туман ва шаҳарлар босқичлари ўтказилган бўлса, июн–июл ойларида баҳслар вилоят даражасида давом этди. Мусобақаларда жами 262 минг нафардан ортиқ ёшлар иштирок этди.

Ҳудудий босқичларда ғолиб чиққан ва республика босқичига йўлланма олган 42 та жамоа 17–22 август кунлари «Бунёдкор» футбол академияси майдонларида ғолиблик учун баҳс олиб борди.

Муросасиз кечган учрашувларда ҳар бир жамоа ўз маҳалласи ва ҳудуди шарафини муносиб ҳимоя қилишга интилди.

Иштирокчиларнинг мусобақадан бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида пойтахтнинг диққатга сазовор масканларига саёҳатлар ҳам уюштирилди. Бу эса турли ҳудудлардан келган ёшлар ўртасида дўстлик ва бирдамлик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Мини-футбол ғолиблари

Ўғил болалар ўртасида мини-футбол бўйича Қашқадарё вилояти жамоаси бош совринни қўлга киритди. Тошкент шаҳри жамоаси иккинчи, Наманган вилояти жамоаси эса учинчи ўринни эгаллади.

Ғолиб жамоа вакиллари истиқомат қиладиган маҳаллага замонавий мини-футбол майдони қуриб берилади. Иккинчи ўрин соҳиблари маҳалласи универсал спорт майдони, учинчи ўринни эгаллаган жамоа маҳалласи эса стритбол майдони билан таъминланади.

Қизлар ўртасидаги мини-футбол баҳсларида Тошкент вилояти жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Самарқанд вилояти жамоаси иккинчи, Тошкент шаҳри жамоаси учинчи бўлди.