Kun.uz сайтига Бухоро шаҳридаги ихтисослаштирилган маданият мактаб-интернатининг бир гуруҳ ўқитувчи ва ходимлари томонидан мурожаат йўлланди.
Унда таълим масканида носоғлом муҳит юзага келгани, интернат раҳбари томонидан турли қонун бузилишларга йўл қўйилаётгани, жамоага тазйиқ ўтказаётгани ва қўпол муомалада бўлаётгани баён этилган.
Шикоят хатига мактаб-интернати директор ўринбосарлари, ўқитувчилар, бош ҳисобчи, касаба уюшмаси қўмитаси, Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилоти етакчиси ва яна бир неча нафар ходимлар имзо чекишган.
Ушбу мурожаатни ўрганиш мақсадида мазкур таълим масканида бўлдик ва педагоглар билан суҳбатлашиб, уларнинг эътирозларини тингладик.

«Биринчи навбатда эътирозимиз мактаб-интернатига раҳбарлик қилиб келаётган Нодира Ражабова юзасидан. Унинг тазйиқлари ва қўпол муомаласидан тўйдик. Унинг хонасига ҳам бирор масалада киролмаймиз. Гўёки биз учун мумкин эмасмиш. Эшигининг ёнида ҳафталаб турсак ҳам, қабул қилмайди. Кайфияти яхши бўлишини кутишга мажбурмиз. Дарс соатлари ажратишда ҳам ноҳақликка йўл қўйилмоқда», — дейди математика-информатика ўқитувчиси Азиза Ғаниева.
Шундан сўнг касбий таълим бўйича директор ўринбосари Олима Қурбонова ўз фикрларини билдириб ўтди.
«Ёшим анча улуғлиги учун директоримизнинг номақбул муносабатидан ранжийман. Биздан кексаларни ҳам умуман ҳурмат қилмайди. Нима учунлигини тушунмаймиз. Бирор фикримизни айтолмаймиз. Раҳбар жамоа билан бундай оҳангда суҳбатлашиши мумкинми?», — дейди директор ўринбосари.
Биз билан суҳбатда ўз навбатида таълим муассасаси бош ҳисобчиси Маърифат Нусратова бир қатор ноқонуний пул ўтказмаларига раҳбар томонидан мажбурланганини таъкидласа, директор котибаси Лола Субҳонова раҳбар томонидан доимий тазйиқдалиги, оиласига аралашиш таҳдиди билан уни қўрқитиб келишини айтиб берди. Шунингдек, яна бир неча нафар педагог Нодира Ражабовадан жабрланганини баён этишди. Асосий эътироз турли ноҳақликлар, қўпол муомала ва ҳақоратлар туфайли.
Маълум бўлишича, ушбу таълим масканига 2017 йилдан буён раҳбарлик қилиб келаётган Нодира Ражабова жорий йил май ойида лавозимидан озод этилган. Бухоро вилоят маданият бошқармаси раҳбари Йўлдош Генжаев томонидан янги тайинланган директор таништирилган. Аммо орадан бир кун ўтиб «баъзи сабаблар»га кўра, янги раҳбар ишлашдан бош тортган ва Нодира Ражабова яна директор вазифасини вақтинча бажарувчи сифатида ишини давом эттирган.
Билдирилган эътирозлар асосида ихтисослаштирилган маданият мактаб-интернати раҳбари Нодира Ражабова билан суҳбтлашдик. Суҳбат жараёнини ёзиб олишга қаттиқ қаршилик кўрсатганидан кейин мутасадди билан овозини ёзиб олмасликка келишган ҳолда суҳбатни давом эттирдик.











