Мурожаатлар ортидан навбатдаги сафаримиз Андижон вилояти Булоқбоши туман маркази, Мирзакалон Исмоилий МФЙ ҳудудидаги кўп қаватли уйлар томон бўлди.
Kun.uz почтасига келган арзномада фуқаролар мавжуд муаммо ҳақида жуда кўп жойга чиқишгани, лекин туман мутасаддилари ҳеч қандай чора кўрмаётгани айтилган. Мирзакалон Исмоилий МФЙ ҳудудидаги ёнма-ён жойлашган учта кўп қаватли уйлар - 14, 15 ва 16-уйларга бориб, ҳолат ҳақиқатда ачинарли эканига гувоҳ бўлдик. 48 хонадонга эга учала уй «П» шаклида бўлиб, ўртадаги кенг ҳовлида бир вақтлар болалар майдончаси, машиналар учун гаражлар, умумий ҳожатхона ва дам олиш жойлари бўлган.

Туман ҳокимлиги «қирқ йиллар олдин бунёд этилган уйларнинг олдидаги ҳовли ва уйлар таъмирталаб ҳолга келди. Ободонлаштирамиз», деган ва «Обод қишлоқ» лойиҳаси асосида замонавий ҳолатга келтириш режасини тузган.
Барча ғалва шундан бошланган.
«Таъмирлаш»нинг бошланиши ва юзага келган муаммолар
«Эзгу ишлар»дан мақсад уйларга киришдаги аркани ва гаражларни бузиб, ҳовлида ободонлаштириш ишларини олиб бориш, дарахтларни кесиш ҳамда кредит асосида уйлар томи, йўлаклар ва олди фасадни таъмирлашдан иборат эди.
Орадан бир йил ўтиб, барча ишлар ўлда-жўлда қолиб кетган.
«Бизга, 2018 йил март ойи бошида ҳокимият ва банк ходимлари келиб уйларимиз «Обод қишлоқ» дастурига киритилганини айтишди. Шу билан бирга, аҳоли вакиллари ширкат танлаш ҳуқуқига эга эмаслиги, тендер ўтказиш шунчаки расмиятчилик бўлиши, ширкатлар мажбурий ҳолатда ҳокимият томонидан тасдиқланиши таъкидланди. Аҳолининг хоҳиш ва эътирози умуман инобатга олинмади.
Биз бу янгиликдан бохабар бўлганимизда, ширкатлар ҳам, таъмирлаш учун кетадиган маблағ, ҳаттоки, уйларнинг дизайни ҳам ҳокимиятнинг махсус ширкати томонидан аллақачон белгилаб бўлинган экан. Уйлар олдидаги бошқа муаммолар ҳал этилишини талаб этганимизда, буларнинг ҳаммаси, таъмирлашдан ташқари, ҳокимият томонидан бепул амалга оширилишини бот-бот таъкидлашди. Чунки, бизнинг уйлар канализацияси ишламаслиги, ичимлик суви, чиқиндилар учун махсус мосламалар йўқлиги аҳолини қийнаб келмоқда эди», дейди Муроджон ота Тешабоев.

Мазкур муаммони ўрганган аҳоли вакиллари аризада ҳолатни қуйидагича келтиришган:

























