Термитлар – чумолига ўхшаш майда, яширин ҳаёт кечирувчи, кўзга кўринмас, зараркунанда ҳашаротлар, ёғоч материаллар, китоблар, қоғозларнинг кушандаси, дунё иқтисодиётига ҳар йили миллиардлаб доллар зарар етказувчи кўринмас армия. Инсоният термитлар билан узоқ йиллардан бери курашиб келмоқда. Бироқ, ташаббус гоҳ у тарафга, гоҳ бу тарафга ўтса-да, бу жангнинг якуни кўринмаяпти. Термитлар Ўзбекистонда ҳам бор ва бугунги мақоламизда улар билан боғлиқ муаммони баён қиламиз.

Хоразм вилояти, Шовот тумани марказидаги «Истиқбол» маҳалласи аҳолиси термитлардан азият чекаётгани ҳақида Kun.uz таҳририятига шикоят қилишди.

Маҳалла ҳудудига яқин бўлган «Араб бобо» қабристонидан кўчиб ўтаётган зарарли ҳашаротлар 10 йилдан буён уй-жойларга, қурилмаларга зарар етказмоқда. Одамлар имкон даражасида уларга қарши курашиб келмоқда ва бу борада маҳаллий ҳокимиятдан ёрдам кутмоқда.

Термитлар ёки «оқ чумолилар» ёғоч таркибида бўлган целлюлоза билан озиқланувчи, ер остида, уйларнинг деворлари ичида яширин ҳаёт кечирувчи ҳашаротлардир. Улар бинолардаги ёғоч устунлар ва тўсинларни ичидан еб битиради. Шу туфайли улар ташқаридан гўё зарарланмагандек кўринади, аммо ичидан ғовак ҳолатга келиб қолади. Бу эса томлар қулаб тушишига, поллар ўпирилиб кетишига олиб келади. Термитлар ҳар қандай уй ёки қурилмани яроқсиз ҳолатга келтиришга, вайронага айлантириб қўйишга қодир. Улар очиқ ҳавога чиқмайди, лой ва тезагидан уй, йўлак қуриб олиб, унинг ичида яшайди ва ҳаракатланади. Термитлар шуниси билан хавфлидир. Яширин тарздаги ҳаёт уларнинг ўз вақтида аниқланишига тўсқинлик қилади.

«Истиқбол» маҳалласи аҳолиси 2009 йилдан бошлаб термитлар билан боғлиқ муаммога дуч келганини ва буни сув танқислиги билан боғлиқ эканини айтмоқда. Маҳалла ҳудудига сув етказиб берадиган ариқ бир неча фермер хўжаликлари ҳудудидан ўтади. Табиийки, маҳалла аҳолиси томорқа ерларини фермерлардан сув ортиб қолган пайтда суғоради. 2009 йилда юз берган қурғоқчилик натижасида маҳалладаги томорқалар суғорилмай қолган ва тупроқ намлиги камайган. Маҳаллага жуда яқин бўлган «Араб бобо» қабристонидаги ёғоч материалларни еб битирган термитлар эса бундан фойдаланиб, ер остидан яқин атрофдаги уйларга кўчиб ўтган.  

Термитлардан энг кўп зарарланган уй Ўктам Бобожонов оиласига тегишли. 2013 йилда термитлар уйнинг учта хонаси шифтидаги ва полидаги ёғочларини еб битирган. Шундан сўнг, авария ҳолатига келиб қолган уйнинг бир қисмидаги ёғоч устунлар, тўсинлар, поллар олиб ташланган ва ёқиб юборилган. Шовот тумани ҳокимлиги оилага янги уй қуришда ёрдамлашиш мақсадида, баъзи қурилиш материалларини етказиб берган бўлса-да, ҳозирча Бобожоновлар оиласи авария ҳолатидаги уйда яшаб келмоқда.