Жума ва шанба куни Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида қуруқ ва илиқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Ҳаво ҳарорати асосан кундуз кунлари +25…+30 даража, баъзи жойларда +32 даражагача, кечалари +13…+18 даража бўлади, дея хабар бермоқда Ўзгидромет.
Республиканинг шимоли-ғарбий ҳудудларига Каспий денгизидан совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келиши бошланади. Қорақалпоғистонда 2–3 октябр кунлари, Хоразм вилоятида ва Навоий вилояти шимолида 3 октябрда баъзи жойларда ёмғир ёғади.
4 октябр, якшанба куни совуқ ва нам ҳаво массалари республиканинг барча ҳудудларига тарқалади. Ўзбекистоннинг аксарият вилоятларида ёмғир ёғади, баъзи жойларда кучли бўлади. Баланд тоғли ҳудудларда ёмғир қорга айланиши мумкин. Фарғона водийсида 4 октябрда кечга томон ёмғир ёғиши кутилмоқда, Сурхондарё вилоятида эса ёмғир ёғиши эҳтимоли кам.
Шимоли-ғарбий ҳудудларда кундузги ҳаво ҳарорати +12…+17 даражагача пасаяди, республиканинг қолган ҳудудларида эса +20…+25 даражагача бўлиши кузатилиб, кейинчалик куннинг иккинчи ярмида ҳарорат пасайиши бошланади.
3–4 октябр кунлари республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 13–18 метр/сониягача кучайиши кутилмоқда, айрим жойларда баъзида чанг-тўзонлар билан 20–22 метр/сониягача кучайиши мумкин.
Республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.
Тошкент шаҳрида шанба ва жума куни ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат жума кундузи +25…+27 даража, шанбада +29…+31 даража бўлади. Шамол шарқдан 3–8 метр/сония тезликда эсади.
4 октябрда вақти-вақти билан ёмғир ёғади. Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 3–8 метр/сония тезликда эсади, 10–14 метр/сониягача кучаяди, чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин. Ҳарорат кечаси +18…+20 даража, кундузи +22…+24 даража бўлади, куннинг иккинчи ярмида +17…+19 даражагача пасаяди.








