«Дунё» ахборот агентлиги хабарига кўра, Ҳайдаробод Centrum Airʼнинг Деҳлидан кейин Ҳиндистондаги иккинчи йўналишига айланган.
Агентлик янги қатновни Жанубий Ҳиндистон ва Марказий Осиё ўртасидаги илк тўғридан тўғри ҳаво йўналиши сифатида қайд этган.
Янги рейс имкониятларини таништириш мақсадида Ҳайдарободда авиакомпания ва Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси ҳамкорлигида тақдимот ўтказилган.
Унда дипломатлар, авиакомпания ва аэропорт вакиллари, ишбилармонлар, шунингдек, ишбилармонлик тадбирлари, оилавий ва гуруҳли туризмга ихтисослашган юздан ортиқ туроператор ҳамда сайёҳлик компаниялари иштирок этган.
Туризм ва бизнес учун янги имконият
Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчиси Сардор Рустамбоев янги рейслар Телангана штати ва Ҳиндистоннинг жанубий ҳудудлари билан ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилишини таъкидлаган.
Хусусан, рақамли технологиялар, фармацевтика, заргарлик ва туризм соҳаларида алоқаларни ривожлантириш имкониятлари қайд этилган.
Тақдимотда Centrum Air вакили парвозлар жадвали ва йўналишда фойдаланиладиган самолётлар ҳақида маълумот берган.
Тошкент орқали бошқа мамлакатларга ҳам учиш мумкин
Янги йўналиш Жанубий Ҳиндистон аҳолисига Ўзбекистонга тўғридан тўғри келиш имконини беради.
Шунингдек, йўловчилар учун Тошкент аэропорти орқали Марказий Осиё, МДҲ, Яқин Шарқ ва Европа мамлакатларига транзит саёҳат имкониятлари тақдим этилиши билдирилган.
Тадбирда Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти, меҳмонхоналари ва дам олиш масканлари ҳам намойиш этилган. Сўнгги 5–6 йил ичида Ҳиндистондан Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар оқими бир неча баробар ошгани таъкидланган.
Ҳайдаробод аэропорти ҳам янги қатновга умид боғламоқда
GMR Hyderabad International Airport Ltd — GHIAL вакилларига кўра, янги йўналиш бизнес, савдо ва маданий алмашинувларни фаоллаштириши кутилмоқда.
Ҳайдаробод туризмдан ташқари талабалар алмашинуви, қариндошлар ва дўстларни йўқлаш ҳамда халқаро транзит сафарлари учун ҳам истиқболли бозор сифатида баҳоланган.








