Бу ҳақда 9 ноябр куни президент Шавкат Мирзиёевнинг электротехника саноати вакиллари, хорижий инвесторлар ҳамда маҳаллий тадбиркорлар билан мулоқотида маълум қилинди.
Қайд этилишича, маҳаллий маиший техника савдосини рағбатлантириш ва аҳоли учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида янги молиявий механизм ишлаб чиқилади.
Унга кўра, тижорат банклари томонидан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган музлаткич, кир ювиш машинаси, кондиционер ва бошқа маиший техникалар хариди учун йиллик 18 фоиз ставкада истеъмол кредитлари ажратиш кўзда тутилмоқда.
Мазкур механизм бир томондан оилаларнинг замонавий маиший техника харид қилиш имкониятларини кенгайтирса, иккинчи томондан маҳаллий корхоналар маҳсулотларига талабни оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Президент мутасаддиларга икки ҳафта ичида тегишли ҳисоб-китобларни тайёрлаш ҳамда тижорат банкларига ушбу мақсадлар учун арзон молиявий ресурслар жойлаштириш бўйича аниқ таклиф киритишни топширди.
Ҳозирча кредитлар қайси санадан бошлаб ажратилиши, уларнинг муддати ва бошқа шартлари маълум қилинмаган.
Мулоқот давомида давлат раҳбари хорижий инвесторлар ва маҳаллий тадбиркорларнинг таклиф ҳамда ташаббусларини ҳам тинглади.








