Бу ҳақда 9 ноябр куни президентнинг электротехника саноати вакиллари, тадбиркорлар ҳамда инвесторлар билан мулоқотида маълум қилинди. Тафсилотларни давлат раҳбарининг матбуот котиби Шерзод Асадов эълон қилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон электротехника корхоналари хорижий давлат харидларида иштирок этиш бўйича тажриба тўпламоқда. Жумладан, NURA Electric корхонаси Камбоджада 2 миллион долларлик тендерни қўлга киритган.
Бироқ йирик халқаро тендерларда иштирок этиш учун банк кафолатини олиш тартиби маҳаллий тадбиркорларга қийинчилик туғдирмоқда.
Масалан, 10 миллион долларлик банк кафолатини олиш учун шунга мос гаров таъминоти талаб этилади.
Шу муносабат билан президент ишлаб чиқариш тажрибаси, барқарор айланмаси ва молиявий имкониятлари мавжуд корхоналарни қўллаб-қувватлаш муҳимлигини таъкидлади.
Банкларга корхоналарнинг молиявий ҳолатини баҳолаш асосида кафолат беришнинг соддалаштирилган тартибини ишлаб чиқиш ва бир ой ичида тадбиркорларга эълон қилиш топширилди.
Йирик инвестиция лойиҳаларида маҳаллий маҳсулотларга талаб кучайтирилади
Йиғилишда маҳаллий электротехника маҳсулотларига ички бозорда талабни рағбатлантириш бўйича янги механизмлар ҳам белгиланди.
Ҳозирда энергетика соҳасидаги хусусий шериклик лойиҳаларида маҳаллий маҳсулотлар улуши камида 25 фоиз, кабель маҳсулотлари бўйича эса 70 фоиз бўлиши талаби амал қилмоқда.
Эндиликда ушбу талаблар алоҳида солиқ ва бошқа имтиёзлардан фойдаланаётган ёки давлатдан арзон ресурслар олган, қиймати 10 миллион доллардан юқори инвестиция лойиҳаларига ҳам татбиқ этилади.
Бу орқали йирик инвестиция лойиҳаларида маҳаллий электротехника маҳсулотларидан фойдаланишни кенгайтириш кўзда тутилмоқда.
«Шаффоф қурилиш»да энергетика учун алоҳида майдонча очилади
Мулоқотда энергетика лойиҳаларида иштирок этаётган маҳаллий корхоналар дуч келаётган муаммолар ҳам кўриб чиқилди.
Бугунги кунда подстанциялар, трансформаторлар, электр шкафлари ва юқори кучланишли кабеллар ишлаб чиқарувчи корхоналар қурилиш-монтаж хизматларини ҳам таклиф этмоқда.








