Бу ҳақда 9 ноябр куни президент Шавкат Мирзиёевнинг электротехника саноати вакиллари, тадбиркорлар ҳамда инвесторлар билан мулоқотида маълум қилинди. Тафсилотларни президент матбуот котиби Шерзод Асадов эълон қилди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистонда давлат харидлари доирасида ҳар йили 10 триллион сўмлик электротехника маҳсулотлари сотиб олинади.
Илгари тадбиркорлар давлат корхоналарининг буюртмаларини тўрт-бешта алоҳида платформа орқали кузатишга мажбур бўлган. Эндиликда барча давлат буюртмалари битта платформада акс эттириладиган тизим жорий қилинган.
Шунингдек, 2027 йил 1 январдан давлат харидлари бўйича уч йиллик режаларни олдиндан эълон қилиш бошланади.
Бу тадбиркорларга келгуси талабни олдиндан баҳолаш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги ускуналар харид қилиш ва инвесторларни жалб этиш имконини беради.
Арзон импорт маҳсулоти қимматга тушиши мумкин
Йиғилишда давлат харидларида фақат энг арзон нархга қараб маҳсулот танлаш амалиётини қайта кўриб чиқиш зарурлиги таъкидланди.
Сабаби, арзон импорт маҳсулотининг кейинги фойдаланиш харажатлари маҳаллий маҳсулотникидан анча юқори бўлиши мумкин.
Масалан, назорат хариди доирасида иккита 40 киловаттли трансформатор ўрганилган. Импорт трансформатор маҳаллий маҳсулотдан 400 минг сўм арзон бўлган.
Бироқ импорт трансформаторнинг электр энергияси сарфи 10 фоизга, фойдаланиш давридаги таъмирлаш харажатлари эса тўрт баробарга юқорилиги аниқланган.
Шу сабабли давлат харидларида маҳсулотнинг бутун хизмат муддати давомидаги харажатларини баҳолашга асосланган «life cost» ёндашуви жорий этилади.
Янги тизимда маҳсулотнинг дастлабки харид нархи билан бир қаторда электр энергияси сарфи, таъмирлаш, сервис ва эксплуатация харажатлари ҳам ҳисобга олинади.
Саноат корхоналарига 50 минг долларгача компенсация берилади
Мулоқотда маҳаллий электротехника корхоналарининг халқаро молия институтлари билан ҳамкорлигини кенгайтириш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳридаги «Артикул Азия» ва «Махcоппер», Тошкент вилоятидаги «Техно Cable Group» ва «Vades Group», Андижондаги «Андижон кабель» корхоналари ўз лойиҳалари учун Европа тикланиш ва тараққиёт банкидан жами 80 миллион доллар жалб қилган.








