Ўзбекистон | 12:30 / 16.09.2019
7298
3 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳридаги «МЭИ» миллий тадқиқот университети филиали ижрочи директори тайинланди

Фото: Wikipedia

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Тошкент шаҳридаги “МЭИ” миллий тадқиқот университети” Федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиалининг ижрочи директори тайинланди.

Бош вазир Абдулла Арипов томонидан 2019 йилнинг 15 сентябрь куни имзоланган ҳужжатга кўра, Хожиакбар Султонович Далиев Тошкент шаҳридаги “МЭИ” миллий тадқиқот университети” Федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиалининг ижрочи директори лавозимини эгаллади. 

Маълумот учун: Хожиакбар Далиев Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг Физика факультети декани бўлиб ишлаган.

“Москва энергетика институти” (“МЭИ”) миллий тадқиқот университети филиали республиканинг энергетика тармоғи учун юқори малакали муҳандис-техник кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, олий таълим соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида очилди.

Филиал фаолиятининг асосий йўналишлари қуйидагилар:

мамлакатимиз энергетика тармоғи учун таълим дастурлари ва олий таълим сифатига қўйиладиган халқаро талабларга мувофиқ юқори малакали муҳандис-техник кадрларни тайёрлаш;

замонавий таълим дастурлари ва ўқитиш шаклларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, ўқув жараёнига илғор педагогик ва ахборот технологияларини, илм-фан ва техниканинг энг сўнгги ютуқларини татбиқ этиш, ўқув-педагогик салоҳиятни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш;

энергетика, электротехника, иссиқлик техникаси соҳасида фундаментал, амалий илмий ва инновацион тадқиқотлар олиб бориш, электр жиҳозлари ва тизимларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, электр энергетикаси тизимларининг тежамкорлиги, ишончлилиги ва барқарорлигини оширишга йўналтирилган инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

илм-фан ва таълим сифатини, узлуксизлиги ва узвийлигини ошириш, жаҳон таълими ва илмий ҳамжамиятига мақсадли интеграциялашув орқали мутахассислар ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, таълим, илмий-тадқиқот ва саноат ишлаб чиқариш фаолиятининг узвий интеграцияси учун шарт-шароитлар яратиш;

таълим ва илмий-техник соҳаларда хорижий давлатларнинг етакчи таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари билан узоқ муддатли муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш;

шартнома асосида энергетика тармоғи ташкилотларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олган ва келишилган ҳолда талаб юқори бўлган бакалавриат таълими йўналишлари (магистратура мутахассисликлари) бўйича мутахассисларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид