Президент «1 минг муҳандис-конструктор» дастурини эълон қилди
2027 йилдан «1 минг муҳандис-конструктор» дастури бошланади. Унинг доирасида маҳаллий мутахассислар Жанубий Корея, Япония, Хитой, Туркия ва Европа мамлакатларига малака ошириш учун юборилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёевнинг электротехника саноати вакиллари, тадбиркорлар ҳамда инвесторлар билан мулоқотида маълум қилинди.
Бундан ташқари, нуфузли хорижий компанияларда ишлаётган юқори малакали ўзбекистонлик мутахассисларни қайтариш чоралари кўрилади. Улар учун муносиб иш ҳақи ва меҳнат шароитларини яратиш режа қилинмоқда.
Мазкур чоралар орқали Ўзбекистон саноатининг технологик тараққиётини таъминлайдиган юқори малакали муҳандислар корпусини шакллантириш мақсад қилинган.
Маиший техника харидини енгиллаштирувчи механизм тайёрланмоқда
Бу ҳақда 9 ноябр куни президент Шавкат Мирзиёевнинг электротехника саноати вакиллари, хорижий инвесторлар ҳамда маҳаллий тадбиркорлар билан мулоқотида маълум қилинди.
Қайд этилишича, маҳаллий маиший техника савдосини рағбатлантириш ва аҳоли учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида янги молиявий механизм ишлаб чиқилади.
Унга кўра, тижорат банклари томонидан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган музлаткич, кир ювиш машинаси, кондиционер ва бошқа маиший техникалар хариди учун йиллик 18 фоиз ставкада истеъмол кредитлари ажратиш кўзда тутилмоқда.
Тошкентдаги Ботаника боғи чиқиндилардан тозаланди
Экологик партия Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети билан ҳамкорликда Тошкент шаҳридаги Ботаника боғида «Clean-Up Day» акциясини ўтказди.
Унда 200 нафардан ортиқ талаба кўнгилли сифатида иштирок этди. Иштирокчилар 20-25 кишидан иборат 10 та жамоага бўлиниб, боғ ҳудудини чиқиндилардан тозалади.
Акция давомида кўнгилли ёшлар томонидан йиғилган чиқиндилар сараланиб, белгиланган жойларга топширилди.
Рақобат қўмитаси реклама тўғрисидаги қонунчиликни бузган блогерларни аниқлади
Рақобат қўмитаси томонидан ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган рекламаларнинг «Реклама тўғрисида»ги Қонун талабларига мувофиқлиги текширилди.
Хусусан, қўмита томонидан ижтимоий тармоқларда фаолият юритаётган 110 нафар блогер рўйхати шакллантирилиб, уларнинг саҳифаларида жойлаштирилаётган реклама материаллари кунлик тартибда мониторинг қилинди. Натижада, 12 нафар блогер томонидан реклама қонунчилиги талабларига зид бўлган реклама ахбороти жойлаштирилгани аниқланди. Аниқланган қонунбузилишлар юзасидан уларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланди.
Рақобат қўмитаси ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган рекламалар устидан мониторинг янада кучайтирилишини таъкидламоқда.
Оролбўйининг 50 минг гектари ўрмонлаштирилади — президент қарори
Қорақалпоғистон Республикасида экологик барқарорликни таъминлаш ва яйловлар озуқа базасини мустаҳкамлаш мақсадида кенг кўламли «яшил» лойиҳаларни амалга ошириш белгиланди.
Ҳужжатга кўра, 2027 йил 1 апрелдан бошлаб Орол ҳудудининг 50 минг гектар майдонида босқичма-босқич ўрмонлаштириш лойиҳаси йўлга қўйилади. Лойиҳа доирасида шаклланган углерод бирликлари халқаро углерод бозорига йўналтирилади.
Ушбу ташаббусни амалга ошириш ва халқаро ҳамкорларни жалб этиш мақсадида Япония, Корея Республикаси, АҚШ, Канада, Буюк Британия ҳамда Австралия каби давлатлар билан музокаралар ўтказилади. Углерод бирликларининг халқаро савдосидан ҳосил бўладиган соф даромад тўлиқ маҳаллий бюджетга йўналтирилиши белгиланган.







