Ўзбекистон | 10:16 / 05.03.2020
4529
3 дақиқада ўқилади

«МЭИ» миллий тадқиқот университети» филиалининг тузилмаси тасдиқланди 

Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент шаҳридаги “МЭИ” миллий тадқиқот университети” Федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиали фаолиятини ташкил этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Фото: Wikipedia

Тошкент шаҳридаги “МЭИ” миллий тадқиқот университети” Федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиалининг тузилмаси тасдиқланди.

Филиал ижрочи директорига, зарур ҳолларда, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда “МЭИ” миллий тадқиқот университети” Федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси (Россия Федерацияси) билан келишган ҳолда, Филиалнинг тузилмасига олий таълим муассасаси учун белгиланган нормативларга мувофиқ ходимларнинг умумий чекланган сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Энергетика вазирлиги, “Иссиқлик электр станциялари” АЖ, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ “МЭИ” миллий тадқиқот университети” Федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси (Россия Федерацияси) билан биргаликда икки ой муддатда Филиалда педагогик ва илмий салоҳиятга эга, юқори малакали, рус ва инглиз тилларини ўзлаштирган, ахборот технологияларини ҳамда фан ва техниканинг энг сўнгги ютуқларини ўқув жараёнига жорий эта оладиган профессор-ўқитувчилар таркибини шакллантириш чораларини кўради.

Белгиланишича, талабаларни тўлов-контракт асосида ўқитиш қиймати “МЭИ” миллий тадқиқот университети” Федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси (Россия Федерацияси), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Энергетика вазирлиги билан келишилган ҳолда Филиал томонидан тасдиқланади.

“Иссиқлик электр станциялари” АЖ, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ва “Ўзбекгидроэнерго” АЖ:

2020  йил 1 августга қадар Филиалга берилган - Тошкент шаҳар, Олмазор тумани, Қорақамиш 3-кўчаси манзилида жойлашган бино ва иншоотларнинг, шу жумладан, ўқув лаборатория бинолари ва спорт иншоотларининг реконструкция ишларини тугаллаш, шунингдек, тўлақонли ўқув жараёнини ташкил этиш мақсадида уларни замонавий ўқув-лаборатория ускуналари, компьютер ва ташкилий техника, ўқув ва илмий адабиётлар, инвентарлар, мебель ва бошқа моддий-техник воситалар билан таъминлаш;

2021 йил 1 августга қадар Филиал талабалари ва ўқитувчилари учун ётоқхона биноси қурилишини тугаллаш чораларини кўрадилар.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид