Ўзбекистон Республикаси президентининг “Тошкент вилоятида замонавий агросаноат кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 23 февралдаги “Республикада уруғлик картошка етиштиришни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3558-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент вилоятида картошкачиликни ривожлантириш борасида:

уруғлик ва истеъмол картошка етиштиришга ихтисослашган, хўжалик шартномаси асосида Картошка етиштирувчилар уюшмаси буюртмаси бўйича тайёр маҳсулот етиштириш, шунингдек агротехника ва агрокимё, логистика, сақлаш, қадоқлаш ва транспортировка қилиш бўйича хизмат кўрсатувчи “Bo’stonliq kartoshkachilik markazi” МЧЖ ташкил этилган;

картошкани чуқур қайта ишлаш натижасида “Solanuz” масъулияти чекланган жамияти томонидан экспорт потенциали юқори бўлган фри картошкаси ва қуруқ картошка пюреси кўринишидаги тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича йиллик қуввати 18 минг тонна бўлган завод ишга туширилган;

“Bo’stonliq kartoshkachilik markazi” МЧЖ томонидан Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича 700 гектар майдонда ёмғирлатиб суғориш технологияси жорий этиш асосида картошка етиштиришни йўлга қўйилиши натижасида сув сарфини 2 баробар иқтисод қилинишига, ҳосилдорликни ўртача 1,5 баробаргача оширишга эришилган.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Картошка етиштирувчилар уюшмаси, Тошкент вилояти ҳокимлиги, “Agrover” масъулияти чекланган жамиятининг:

Тошкент вилояти ҳудудида “Bo’stonliq kartoshkachilik markazi” МЧЖ, “Solanuz” МЧЖ ва бошқа ўзаро боғлиқ бўлган корхоналар негизида:

уруғлик картошка етиштириш, шу жумладан, вируссиз in vitro технологияси асосида кўпайтириш;

илмий асосланган алмашлаб экиш тизимида қўлланиладиган дуккакли, бошоқли дон ва бошқа қишлоқ хўжалик экинларининг уруғликларини етиштириш;

маҳаллий ва хорижий селекция ҳамда биотехнологик навларнинг бирламчи уруғчилигини ташкил этиш ва ривожлантириш;

уруғчилик бўйича халқаро ва миллий ташкилотлар билан ўзаро фаол ҳамкорлик қилиш, уруғликларни экишдан олдин ишлов бериш ва қайта ишлашга оид инновацион технологиялар, сувни тежовчи технологияларни ва ушбу соҳадаги бошқа ноу-хауларни жорий этиш;

истеъмолга йўналтирилган картошка ишлаб чиқариш ва чуқур қайта ишлаш бўйича агросаноат кластерини ташкил этиш;