Сиз ҳар куни ишга борасиз ва ўз вазифангизни виждонан тўлиқ адо этасиз, аммо маошингиз кўтарилмайди, мансаб пиллапояларидан илдамлаш ҳам негадир ортга сурилмоқда. Балки ҳамма гап когнитив тузоқлардадир — мулоҳаза юритишдаги вазиятни адекват баҳолашга ва ишончли қарорлар қабул қилишга халақит берувчи хатоликлар. Айнан қайси янглишликлар сизнинг фаолиятингизга тўсқинлик қилаётгани ва уларни тўғрилашга оид фикрлар билан ўртоқлашамиз.
1. Ҳаракатсизликни нотўғри баҳолаш
ХХ асрнинг 90-йиллари бошида олимлар қизиқарли тажриба ўтказишди. Иштирокчилар ўзларини бемор тақдирини ҳал қилувчи шифокор сифатида тасаввур қилишлари керак эди. Улар олдида танлов бор: 15 фоиз ҳолатда ўлимга олиб борувчи даволаш курсини ташкил этиш ёки ҳеч қандай муолажа буюрмаслик, аммо бунда бемор ҳаётдан кўз юмиш эҳтимоли 20 фоиз.
Олимларнинг фикрича, бунда ўйлаб кўрадиган нарсанинг ўзи йўқ — даволашни танлаш керак эди. Айнан шу ҳолат беморнинг ҳаётда қолиш имкониятини бир мунча оширади. Аммо тадқиқот қатнашчиларининг 13 фоиз қисми бошқача фикрда эдилар ва ҳаракатсизликни маъқул кўришди: уларнинг наздида инсон ўлимига жавобгарлик ҳисси бу танловда камроқ бўлади. Шунингдек, тахминий беморнинг муолажалар натижасида ўлиши хавфи қанча баланд бўлса, «шифокор»лардаги ҳеч нарса қилмаслик танлови шунча ортган.
Ушбу когнитив тузоқ ҳам шундай аталади: ҳаракатсизликка нотўғри баҳо бериш. У сабабли биз жавобгарлик олиш ва қарор қабул қилишдан қўрқамиз, ҳеч нарса қилмасликни танлаб таваккал қиламиз.
Уриниб кўриш ва ниманидир ўзгартиришга ҳаракат қилишдан кўра қимирламай ҳаракатсизликни давом эттириш бизга ишончли ва хавфсизроқдек туйилади.
Эмлашларга қарши инсонлар бундай хатти-ҳаракатнинг классик кўриниши ҳисобланишади. Ота-оналар орасида вакцинациянинг иккинчи даражали таъсирларидан хавотирга тушиш ва ўз болаларини ҳар қандай эмлатишдан воз кечувчи инсонлар учраб туради.
Бироқ ҳаракатсизликка нотўғри баҳо бериш фақатгина саломатликка боғлиқ муаммо эмас. У ишда ҳам пайдо бўлиши мумкин. Масалан, биз қийин лойиҳани олишга ёки қандайдир янги ва ностандарт ғоя беришга иккиланамиз, бунинг ўрнига бурчакка михланиб «комфорт»да қолишни танлаймиз. Демакки, ўзимизни карьера ўсишидан ва пулдан мосуво қиламиз.
Яна бир ўхшаш янглишлик мавжуд: статус-квога (ҳозирги ёки олдинги ҳолат) нисбатан ён бериш, яъни бу ҳолатда келажакда содир бўлиши мумкин танаффуслар ва қийинчиликлардан кўра ҳозирги вазият яхшироқ ва ишончлироқ туйилади.
















