Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қайд этилишича, республикада ОИВ инфекцияси тарқалишини олдини олиш борасида ўтган йиллар давомида қатор ишлар амалга оширилди. 25.01.2018 йилда Ўзбекистон Республикаси президентининг “Ўзбекистон Республикасида одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3493-сонли қарори, 22.06.2018 йилда “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш ва шифохона ички инфекцияларини профилактика қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПҚ-3800-сонли қарори тасдиқланди. 

ОИВ инфекцияси бўйича эпидемик вазиятнинг барқарорлашуви ва ОИВ инфекцияли шахсларга тиббий-ижтимоий ёрдамнинг таъминланиши яхшиланиб борилишига қарамасдан, 2030 йилга бориб ОИВ инфекцияси эпидемиясига барҳам беришга эришиш учун “90-90-90” тамойилига мувофиқ тадбирларни амалга ошириш долзарб масалалардан бири бўлиб, ўз ечимини кутмоқда.

Хусусан, ОИТСга қарши кураш марказларининг туман даражасида тузилмаси мавжуд эмас. Бу ҳолат ОИВ инфекцияси тарқалишини олдини олиш ва эпидемияга қарши чора-тадбирларни тўлиқ амалга ошириш ва мувофиқлаштириш имконини бермайди. Бу ўз навбатида қишлоқ (маҳалла) аҳолисига зарурий хизматларни кўрсатилишини қийинлаштирмоқда. Шу туфайли, туманлараро ОИВ диагностик лабораториялари қошида эпидемиолог ва юқумли касалликлар шифокоридан таркиб топган ОИТСга қарши кураш марказларининг туман филиалларини ташкил этиш эҳтиёжи мавжуд.

ОИТСга қарши кураш маркази лабораториялари Халқаро аккредитациядан ўтмаган. Миллий аккредитациядан ўтишни белгиловчи меъёрий ҳужжат қабул қилинмаган. Лабораторияларда ҳар йили ўлчов асбоб-ускуналарини Давлат стандартлаш марказида метрологик кўрикдан ўтказиш зарурати мавжуд бўлиб, вилоятларда бундай кўрикларни ташкил этиш учун имкониятлар яратилмаган. 19 та туманлараро лабораториялар капитал таъмирлашга муҳтож.

ОИТСга қарши кураш марказлари хизматида бўлган автотранспортларнинг аксарияти 1993 йилда ва 2004-2008 йилларида (84,2%) ишлаб чиқарилган ва техник эксплуатация талабларига жавоб бермайди. Мавжуд автотранспортларни янгисига алмаштириш ва ОИТСга қарши кураш марказлари учун махсус транспортларни харид қилиш орқали автопаркни тўлиқ жиҳозлаш талаб этилади.