Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан “Олий таълим ташкилотларида талабалар билимини баҳолаш ва назорат қилиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Лойиҳага кўра, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб якуний назорат имтиҳонларини овозли ва видео кузатув камералари билан жиҳозланган аудиторияларда ўтказиш тизими жорий этилади.
Ўтказиладиган якуний назорат турларини кенг жамоатчилик учун олий таълим ташкилотларининг расмий веб-сайтидаги ҳавола орқали бевосита онлайн кузатиш имконияти яратилади.
Якуний назорат имтиҳонлари саволларини шакллантиришда талаба билим ва кўникмаларини чуқур таҳлил қилиш имконини берувчи ёзма топшириқларнинг аниқ мезонлари ишлаб чиқилиши ҳамда профессор-ўқитувчилар томонидан баҳолашда изоҳ ёзиш тизими жорий этилиши таъминланади.
Шунингдек, лойиҳага “Олий таълим ташкилотларида талабалар билимини баҳолаш ва назорат қилиш тартиби тўғрисидаги низом илова қилинган бўлиб, у олий таълим ташкилотларининг бакалавриат таълим йўналиши ҳамда магистратура мутахассислигига қабул қилинган талабаларнинг билимини баҳолаш ва назорат қилиш тартибини белгилайди.
Лойиҳа муҳокамаси 12 августга қадар давом этади.










