Қайд этилишича, лойиҳада сайёҳларнинг ҳаёти, соғлиғи ва хавфсизлигини таъминлаш устуворлиги, ҳудудларнинг табиий-географик салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш асосида туристик хизматларни диверсификация қилиш, халқаро ва миллий хавфсизлик стандартларини жорий этиш, соҳадаги рухсат бериш тартиб-таомилларини босқичма-босқич рақамлаштириш ва енгиллаштириш, малакали йўриқчи-йўл бошловчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда тадбиркорлик субъектлари ва нотижорат ташкилотларни қўллаб-қувватлаш каби йўналишларга урғу қаратилган.
Фаол туризм салоҳияти юқори бўлган 162 та табиий объект рўйхати шакллантирилди. Улар 5 та ҳудуд — Тошкент (77 та), Сурхондарё (30 та), Самарқанд (22 та), Қашқадарё (20 та) ва Жиззах (13 та) вилоятлари кесимида гуруҳланган.
Рўйхатга 88 та тоғ ва тоғ тизмаси, 21 та кўл, 20 та шаршара, 18 та ғор ва грот ҳамда 15 та чўққи киритилган. Ҳар бир объект бўйича унинг тури, жойлашган тумани ва географик боғланиши аниқлаштирилган.











