Бу йил баҳор фасли серёғин келиши аҳоли учун қатор ноқулайликлар туғдирди. Республиканинг барча вилоятларида кучли ёмғирлар ёғиши натижасида сув тошқинлари ва сел келиши кузатилди.

Ушбу ҳолатлар айрим ҳудудларда талафотларга ҳам олиб келди. Кўприклар бузилди, аҳоли хонадонлари яроқсиз аҳволга келди.

Жумладан, Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида ҳам бир нечта кўприклар бузилиб, аҳолига қатор ноқулайликлар туғилган эди.

Kun.uz сайтида бу ҳақида жорий йил 6 май куни журналистик суриштирув асосида «Сув тошқинлари вақтида Қамашидаги кўприк бузилди. Табиий офат оқибатларига қарши қандай чоралар кўрилди?» сарлавҳали мақола ҳам эълон қилинганди.

Ўрганишимиз давомида Қамаши тумани ҳокимлиги бузилган кўприкларни тиклаш юзасидан амалий ишлар олиб борилаётганлигини маълум қилган эди.

Яқинда интернет сайтлари, ижтимоий тармоқларда бу мавзу яна кўтарилди ва қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Хусусан, Қўшкапа қишлоғида аҳолига хизмат қилаётган кўприк анчадан буён яроқсиз ҳолатда эканлиги, кўприк қишлоққа олиб кирадиган ягона йўл устига қурилгани учун қишлоқ аҳли деярли бир ойдан бери қамалга тушгандай ҳаёт кечираётганлиги маълум қилинди. Шунингдек, туман ҳокимлигидан бу борада берилаётган ваъдалар бажарилмаётганлиги билдирилган.

Ушбу муаммо юзасидан Қамаши туман ҳокимлиги таҳририятга маълумотнома тақдим этди.

«Жорий йилнинг апрель-май ойлари кучли ёмғир натижасида туманнинг «Қишлиқ», «Бобуртепа» «Чангак», «Довуд», «Қизилқишлоқ», «Ўртадара», «Чуқурқишлоқ», «Кўкбулоқ», «Қўшкапа» ва «Олмазор» маҳаллалари ҳудудида сув тошиб, сел келиши ҳолатлари кузатилди.

Юзага келган вазиятни бартараф этиш тадбирларига туман ҳокимлиги, ободонлаштириш бошқармаси, туман фавқулодда вазиятлар, ички ишлар шахсий таркиби ва махсус техника воситалари жалб этилди. Мазкур ҳолатларда 6та қулаб тушган кўприклар қайта тиклаб берилди.

«Қўшкапа» маҳалласидаги Гов қишлоғига борувчи ички йўлидаги «Қорабоғсой» зовуридан кесиб ўтувчи кўприк жиддий зарар кўриб, авария ҳолатига келиб қолган.